“Ўзбекгидроэнерго” халқаро майдонда 8 йўналишда келишув ва ҳамкорликка эришди
Гидроэнергетика соҳаси дунё энергетика тизимида барқарор ривожланишни таъминловчи энг муҳим йўналишлардан. Шу сабабли, бугунги кунда юртимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш натижасида нафақат экологик барқарорлик, балки иқтисодий самарадорликни оширишга ҳам эришилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг 16-18 июнь кунлари ўтказилган V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан амалга оширилган халқаро учрашувлар соҳадаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқувчи муҳим амалий қадам бўлди.
Форум давомида компания томонидан АҚШнинг “77 Construction USA Corp.”, Хитойнинг “China Huaneng Group”, Ҳиндистоннинг “Adani Group”, Япониянинг “MUFG Bank”, Германиянинг “AKA Bank”, Хорватиянинг “Koncar” ва “In Foro Viridi”, Жаҳон банки гуруҳи ҳамда Афғонистон Ташқи савдо вазирлиги вакиллари билан ўтказилган музокаралар натижасида жами 7 та йўналиш бўйича келишув ва ҳамкорлик йўналишлари шакллантирилди.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Фаррух Нуруллаев таъкидлашича, Хитойнинг “China Huaneng Group” компанияси билан давлат-хусусий шериклик тамойили асосида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича меморандум имзоланди.
Ҳиндистоннинг “Adani Group” компанияси билан қўшма ишчи гуруҳ ташкил этиш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. “Koncar” ва “In Foro Viridi” компаниялари билан кичик ва ўрта гидроэлектр станцияларини барпо этиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди. Шунингдек, Афғонистон томони билан гидроэнергетика ускуналарини етказиб бериш ва лойиҳалаш бўйича ҳамкорлик йўналишлари келишиб олинди.
– Жаҳон банки гуруҳи билан имтиёзли молиялаштиришни жалб қилиш, “MIGA” кафолатларидан фойдаланиш ҳамда грант дастурларида иштирок этиш бўйича ҳамкорлигимизни янада кенгайтиришга келишдик. Бу биз учун жуда муҳим йўналишлардан бири бўлиб, келгусида йирик лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради.
“77 Construction USA Corp.” билан “EPC+F” ва давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдик ва бу йўналишда аниқ амалий имкониятлар бўйича фикр алмашдик. “MUFG Bank” ва “AKA Bank” билан эса йирик лойиҳаларни узоқ муддатли молиялаштириш механизмларини жорий этиш бўйича батафсил музокаралар олиб бордик.
Айтиш жоизки, мазкур форум компаниямиз учун халқаро ҳамкорлик географиясини сезиларли даражада кенгайтириш, янги инвесторлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш ва йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича амалий имкониятларни очиб берди.
Энг муҳими, биз бир қатор йирик халқаро шериклар билан аниқ келишувлар ва амалий лойиҳа йўналишларини шакллантиришга эришдик, – дея таъкидлади Ф.Нуруллаев.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур форум натижалари “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг халқаро ҳамкорлик салоҳиятини янада мустаҳкамлаб, гидроэнергетика соҳасида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун муҳим амалий асос яратди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА