“Эл-юрт умиди” жамғармаси кунлари доирасида очиқ мулоқот
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан тарғибот семинари ташкил этилди.
Ушбу тадбир мамлакатимиз ҳудудларида халқаро таълим дастурларини оммалаштириш, иқтидорли ёшларни глобал академик ҳамжамиятга жалб этиш ва Ўзбекистоннинг инсон капиталини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли “Эл-юрт умиди” жамғармаси кунлари доирасида ташкил этилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, “Эл-юрт умиди” жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакиллари, шунингдек, олий таълим муассасалари талабалари, умумтаълим мактаблари масъуллари ва битирувчи синф ўқувчилари, ёшлар етакчилари, ёш давлат хизматчилари иштирок этди.
[gallery-31794]
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси — иқтидорли ёшлар ва истиқболли мутахассисларни хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда тайёрлаш, уларнинг билим ва касбий салоҳиятини оширишга қаратилган давлат тизимининг муҳим бўғини ҳисобланади.
Жамғарма 2018 йилда фаолиятини бошлаган бўлиб, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 5 майдаги “Иқтидорли мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш, уларда касбий кўникмаларини ривожлантириш ва рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида унинг фаолияти янги ёндашувлар асосида қайта ташкил этилди. Бугунги кунда жамғарманинг асосий мақсади — дунёнинг етакчи университетлари ва илмий марказларида таҳсил оладиган, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллайдиган, мамлакат тараққиётига ҳисса қўшадиган янги авлод истиқболли кадрларини тайёрлашдан иборат.
Учрашувда масъул ходимлар жамғарма фаолияти, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонида белгиланган вазифалар ва ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, очиқ стипендия танловларини ўтказиш тартиби ва номзодларга қўйиладиган талаблар тушунтирилди. Стипендиатлар хорижда ўқишни тугатганидан сўнг уларни мамлакатимизда муносиб ишга жойлаштириш, касбий ва мансаб поғоналарида кўтариш, Миллий кадрлар захирасига киритиш каби масалалар бўйича маълумот берилди.
“Эл-юрт умиди” кунлари доирасида бўлиб ўтадиган очиқ мулоқотлар, маҳорат дарслари ва мотивацион учрашувлар ёшларга дунёнинг нуфузли жаҳон таълимига йўл барча учун — яшаш жойи, ижтимоий мавқеи ёки оиласининг даромад даражасидан қатъи назар — очиқлигини кўрсатади. Ушбу ташаббус жамғарма фаолиятининг стратегияси — “ҳеч ким четда қолмаслиги керак” деган асосий тамойилини акс эттиради.
Тадбирлар иқтидорли мактаб ўқувчилари ва талабаларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар, кам таъминланган оилалар фарзандлари, шунингдек, давлат хизматчилари учун сифатли таълимга тенг кириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилганлиги қайд этилди.
Шу мавзудаги тарғибот семинари Нукус шаҳридаги Президент мактабида, Чимбой тумани ҳокимлигида ҳам бўлиб ўтди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари