Натижалар янги марраларга асос бўлади
“Олмалиқ КМК” АЖда жорий йилнинг тўққиз ойида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда йил якунига қадар бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Комбинат марказий аппаратида 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларидаги фаолият якунларига бағишланган ҳисобот йиғилишида ОКМК бошқарув раиси Абдулла Ҳурсанов, комбинат масъуллари, таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва бўлим бошлиқлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, ҳисобот даврида комбинат меҳнат жамоаси томонидан белгиланган ишлаб чиқариш вазифаларининг бажарилиши таъминланди. Жумладан, 2026 йил январь-сентябрь ойларида 48,97 триллион сўмлик товар маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, прогноз кўрсаткичи 130,4 фоизга бажарилди. Комбинатнинг асосий маҳсулоти ҳисобланган мис катодини ишлаб чиқариш бўйича белгиланган прогноз эса 100 фоизга адо этилди.

Экспорт йўналишида ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Тўққиз ой давомида 781 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, белгиланган прогноз 156,4 фоизга бажарилди.
Инвестиция дастури доирасидаги ишлар ҳам изчил давом эттирилди. 2026 йил учун “Олмалиқ КМК” АЖ бўйича 216,5 миллион доллар маблағ ўзлаштирилиши белгиланган бўлса, ҳисобот даврида айнан шу миқдордаги инвестициялар ўзлаштирилиб, прогноз 100 фоизга бажарилди.
Маҳаллийлаштириш ва янги лойиҳалар доирасида ҳам ишлаб чиқариш ҳажмларини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. 2026 йилда 40 та лойиҳа доирасида 1511 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ҳисобот даврининг тўққиз ойида 39 та лойиҳа бўйича 1054 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган бўлиб, амалда ушбу кўрсаткич 1080,1 миллиард сўмни ташкил этди. Натижада прогноз 102,5 фоизга бажарилди.

Ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва харажатларни мақбуллаштириш борасидаги чора-тадбирлар ҳам ўз самарасини бермоқда. 2026 йилга мўлжалланган ташкилий-техник чора-тадбирлар мажмуасида ишлаб чиқариш харажатларини 1708,8 миллиард сўмга қисқартириш белгиланган. Тўққиз ой якунига кўра, ушбу йўналишда 1739,3 миллиард сўмлик натижага эришилиб, прогноз 101,8 фоизга бажарилди.
Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди. Унда эришилган натижалар билан бир қаторда мавжуд муаммолар, ишлаб чиқариш жараёнларидаги масалалар ва уларни бартараф этиш чоралари атрофлича муҳокама қилинди.

Муҳокамалар якунида йилнинг қолган даврида ишлаб чиқариш кўрсаткичларини барқарор таъминлаш, меҳнат унумдорлигини ошириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда белгиланган лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Шунингдек, ҳар бир раҳбар зиммасига ишчи-ходимлар учун хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳнат муҳофазаси талабларига қатъий риоя этиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини янада ошириш юзасидан тегишли топшириқлар юклатилди.
А.Мусаев,ЎзА