Дарахтлар фақат статистика учун экилмаслиги керак
Шаҳар қанчалик замонавий бўлмасин, унинг ҳақиқий қулайлиги фақат йўллар, бинолар ёки инфратузилма билан эмас, балки инсоннинг табиатга қанчалик яқинлиги билан ҳам белгиланади.
Шу нуқтаи назардан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий этилаётган “3–30–300” тамойили шаҳар ва туманларни кўкаламзорлаштиришга янгича ёндашувни назарда тутади.
Давлатимиз раҳбари томонидан эндиликда ишларнинг самарадорлиги экилган ниҳоллар сони билан эмас, балки уларнинг бир, уч ва беш йилдан кейинги яшовчанлиги асосида баҳоланиши қатъий белгилаб берилган. Шу муносабат билан дунёнинг илғор мегаполисларида қўлланилаётган машҳур “3-30-300” экологик стандарти мамлакатимизга мослаштирилган ҳолда жорий этилади. Мазкур стандартга кўра, ҳар бир инсон яшаш, ишлаш ёки таълим олиш жойидан дарахтларни кўра олиши, яшаш ҳудудининг салмоқли қисми яшил майдонлардан иборат бўлиши ва ҳар бир аҳоли учун яқин масофада катта яшил ҳудуд мавжуд бўлиши керак.
Бу талаб шунчаки кўчат экиш эмас, балки дарахтларни инсон кундалик ҳаётининг бир қисмига айлантиришни англатади. Яъни, янги қурилаётган ёки ободонлаштирилаётган ҳудудларда дарахтларнинг жойлашуви, зичлиги ва парвариши ҳам ҳисобга олинади. Демак, “Яшил макон”да асосий мезон фақат қанча дарахт экилди, деган савол билан чекланмайди. Муҳими, экилган дарахтлар қаерда, қандай шароитда ўсмоқда ва инсон улардан баҳраманд бўляптими? Тамойилнинг иккинчи қисми аҳоли яшаш ҳудудларининг камида 30 фоизини яшил ҳудудга айлантиришни назарда тутади. Яшил дастурларни амалга оширишда муҳим масала — экилган дарахтларни сақлаб қолиш ва парваришлаш. Чунки кўчат экиш ишнинг якуни эмас, балки бошланиши ҳисобланади. Шу боис дарахтларни мунтазам парваришлаш, сув тежовчи суғориш тизимларини жорий этиш ва яшил ҳудудларни сақлаш механизмларини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилади. Ҳудудларда чиқинди йиғиш шохобчаларининг ташкил этилиши ҳам экологик муҳитни асрашда муҳим омил бўлади.

Бу ёндашув, аввало шаҳарларда ҳаво сифатини яхшилаш, ёзги иссиқлик таъсирини камайтириш ва аҳоли учун қулай дам олиш масканларини кўпайтиришга хизмат қилади. Шу тариқа, “3–30–300” тамойили дарахт, яшил майдон ва инсон ўртасидаги масофани қисқартиришга қаратилган. Унинг мақсади шаҳар аҳолисини табиатдан узоқлаштирмасдан, яшил ҳудудларни кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айлантиришдир. Энг муҳими, бу ёндашувда инсон марказий ўринда туради. Яъни, дарахтлар статистика учун эмас, одамлар учун экилади; боғлар фақат ҳудудни безаш учун эмас, аҳоли фойдаланиши учун барпо этилади; яшил майдонлар эса шаҳарнинг қолган қисми орасидаги бўш жой эмас, балки унинг зарур инфратузилмаси сифатида қаралади.
Аслида “3+30+300” тамойили қандай пайдо бўлган ?
Бугунги кунда мазкур ёндашув дунёнинг қатор шаҳарларида қўлланилмоқда. Антверпен, Афина, Белфаст, Гамбург, Мюнхен ва Вашингтон каби шаҳарларда яшил инфратузилмани ривожлантиришда ушбу тамойилдан фойдаланилаётгани унинг амалий аҳамиятини кўрсатади. Унинг асосий ғояси — яшил ҳудудларни аҳоли учун тенг ва қулай даражада яқинлаштириш. Бу эса нафақат экологик барқарорлик, балки аҳоли саломатлиги, фаровонлиги ва шаҳар муҳитининг жозибадорлигига ҳам таъсир кўрсатади. “3–30–300” тамойилининг аҳамияти ҳам шунда — у кўкаламзорлаштиришни бир марталик тадбир эмас, балки шаҳар муҳитини режалаштиришнинг доимий қисмига айлантиришни назарда тутади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, 2030 йилга қадар ҳар бир туман ва шаҳарда камида 5 тадан умумий узунлиги 10 километрдан кам бўлмаган сояли сайр кўчаларини ташкил қилиш кўзда тутилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА