Ёзёвон Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туманга айланади (+видео)
Ёзёвон тумани чўл ҳудудида жойлашган эмасми, иқтисодий кўрсаткичлари ҳам шунга яраша эди. Масалан, саноат бўйича вилоятда 18-, экспорт ва сервисда 17-, қишлоқ хўжалигида 15-ўринда турибди. Бу йил туманга тадбиркорлик инфратузилмаси учун бюджетдан 30 миллиард сўм берилмоқда, биринчи чоракда туманда яна 5,5 миллиард сўм қўшимча маблағ қолди.
Аммо булар туб ўзгаришлар қилиш учун етарли эмас.

Президент Фарғона вилоятига ташрифи чоғида бу ҳолатга эътироз билдирди ва аҳволни яхшилаш чораларини кўриш юзасидан тегишли топшириқлар берди.
– Ёзёвон янги қиёфадаги туманлар қаторига киритилди ва 150 миллиард сўм маблағ ажратиб берилди. Уни тадбиркорларнинг самарали лойиҳалари, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўналишларига сарфлаймиз, – дейди туман ҳокимининг 1-ўринбосари Акрамжон Эралиев. –Президентимиз туманимизнинг саноат салоҳиятини асосли равишда танқид қилдилар. Дарҳақиқат, туманнинг вилоят саноатидаги улуши атиги 1 фоизни ташкил қилади. Президентимизга миннатдорчилик билдирмоқчимизки, уларнинг қарорлари билан ер тоифалари ўзгартирилиб, 52 гектар майдон кичик саноат зонасига айлантирилди. Бу ерда қўшимча қийматли, харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи 60 дан зиёд лойиҳаларни жойлаштирамиз.

А-373 магистрал йўлининг Ёзёвондан ўтган 35 километр қисмидан кунига 30 минг транспорт қатнайди. Туманда логистика марказлари ва йирик омборлар кўпайса, йўл бўйида меҳмонхона, ёқилғи шохобчаси ва овқатланиш жойларига талаб икки карра ошади.
– Бизда жуда ҳам қулай имконият бўлатуриб ундан унумли фойдаланмаганмиз. Бу А–373 магистрал йўлидир, – дейди Акрамжон Эралиев. –Авваллари унда 15-20 та тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатар эди. Ҳозирнинг ўзида уларни юздан ошириш чораларини кўряпмиз. Чунки Президент бу масалада алоҳида вазифа қўйди. Сунъий интеллектнинг ҳисоб-китобига кўра магистрал йўл ёқасида 6000 та иш ўрни яратиш имкони мавжуд экан. Меҳмонхона, кемпинг, умумий овқатланиш ва савдо шохобчалари қуришни бошладик.

Туман ҳокимига логистикани туманнинг “драйвери”га айлантириш орқали сервис, саноат ва қишлоқ хўжалигини ҳам ривожлантириш, туман иқтисодиётидаги айланмани 1 триллион сўмга ошириш топширилди.
– Саноат бўйича 681 миллард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришни режа қилиб олгандик. Кеча бўлиб ўтган учрашувда давлатимиз раҳбари уни 1 триллион сўмга етказиш вазифасини топширдилар. Уни бажаришнинг имкониятлари бор. Туманни албатта намунали ҳудудга айлантирамиз, – дейди ҳоким ўринбосари.

Туманда 1400 гектар ер аҳолига ижара асосида берилган. Уларда экспортбоп маҳсулотлар етиштирилмоқда. Чўл ҳудудидаги 600 гектар ерда шоличлик кластери ташкил этилди. Маълумки, Ёзёвонда юзга яқин балиқчилик кўллари мавжуд. Энди уларнинг юзасида Вьетнам усулида касеталарда шоли етиштиришмоқчи. Бир сўз билан айтганда, Президентнинг Фарғона вилоятига ташрифи Ёзёвон тумани тарихида юксалиш саҳифасини очмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/B0WW27IOPto" title="Yozyovon Yangi O‘zbekiston qiyofasidagi tumanga aylanadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА