Аҳоли саломатлиги — бош мезон: тиббиёт соҳасидаги ишлар таҳлили
Бугун Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирни вазир Асилбек Худоёров олиб борди.
Йиғилиш тафсилотлари ҳақида вазирлик матбуот хизмати батафсил маълумот тақдим этди.
Унга кўра, дастлаб тизимда 2026 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди ҳамда истиқболдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
— Тиббиётни аҳолига яқинлаштириш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш — олдимизда турган муҳим вазифа. Бироқ жойлардаги айрим масъуллар ҳалигача эскича иш услубидан воз кеча олмаяпти. Шу боис, тизимдаги ҳар бир раҳбар зиммасидаги масъулиятни чуқур англаган ҳолда, амалий натижа учун жавобгар эканини англаши лозим. Бунинг учун мавжуд муаммолар бўйича аниқ таҳлил, манзилли чора-тадбир ва қатъий назорат зарур, — деди вазир.
Йиғилишда биринчи чоракда белгиланган топшириқларни бажаришда сусткашликка йўл қўйган раҳбарлар қатъий огоҳлантирилиб, айрим масъулларга интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Шундан сўнг Бош прокуратура бошқарма прокурори У.Камалов томонидан соғлиқни сақлаш тизимида меҳнат муносабатлари бўйича йўл қўйилган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан тақдимнома ўқиб эшиттирилди.
Кун тартибидаги учинчи масала сифатида фтизиатрия ва пульмонология йўналишларидаги тиббий хизматлар сифатига оид муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш чоралари кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, фтизиатрия ва пульмонология соҳасида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш тиббиётнинг энг устувор йўналишларидан ҳисобланади.
Кейинги йилларда юртимизда бу борада олиб борилган ишлар натижасида сил билан касалланиш 43 фоизга, ўлим кўрсаткичлари эса 84 фоизга камайди. Бу эса халқаро майдонда ҳам ижобий кўрсаткич сифатида эътироф этилмоқда.
Бироқ олдинда ҳал этилиши лозим бўлган қатор масалалар мавжуд. Шу боис, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам тиббиётга оид 33 та кўрсаткичнинг 3 таси айнан сил касаллигини бартараф этишга қаратилган.
Таҳлилларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда ушбу хасталик билан диспансер назоратида 31 минг нафардан зиёд бемор рўйхатга олинган.
Айни пайтда профилактик кўриклар орқали аниқланган беморлар улуши 30 фоизни ташкил этиб, белгиланган 50 фоизлик стратегик кўрсаткичдан ортда қолмоқда.
Қолаверса, мавжуд тиббий инфратузилма ва “Ўпка саломатлиги” мобиль автобусларидан фойдаланиш даражаси ҳам қониқарли эмас. Вазир бу ҳақда сўз юритар экан, имконият мавжуд бўлган ҳолда, ушбу автобусларда кунига ўртача 80 нафар ўрнига атиги 35 нафар бемор текширилаётгани, тизим ресурсларидан самарасиз фойдаланилаётганини жиддий танқид қилди.
Бундан ташқари, электрон ахборот тизимига рентген ва флюорография мавжуд бўлган муассасаларнинг бор-йўғи 94 таси (42 фоиз) маълумот киритгани афсус билан қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, ҳудудларда бу ишга масъул бўлганлар қатъий огоҳлантирилиб, ўз вазифасига совуққонлик билан ёндашган раҳбарларга интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Ўз навбатида, аниқланган камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш, сил касаллигини қатъий мониторинг қилиш ва соҳада рақамли назорат механизмларини кучайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, йиғилишда “Харидлар маркази”нинг ўтган йил ва жорий йилнинг биринчи чорагидаги фаолияти, галдаги режалар ҳамда дори воситаларига бўлган эҳтиёжни аниқлаш ва шакллантиришга доир устувор вазифалар юзасидан сўз юритилди.
Тадбир якунида ҳудудларда хавфли касалликлар, хусусан, сил профилактикасини янада кучайтириш, скрининг тадбирлари қамрови ва самарадорлигини ошириш, малакали тиббий хизматни ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадонга олиб кириш билан боғлиқ қатор долзарб вазифалар белгиланди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА