Хавфли вазиятда хавфсизликни таъминлаш – бош мақсад
Самарқанд шаҳрида Европа Иттифоқининг кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий (КБРЯ) хавфларни камайтириш бўйича илғор тажриба марказлари ташаббуси доирасидаги 106-лойиҳа бўйича навбатдаги халқаро йиғин бўлиб ўтди.
Унда Европа Иттифоқининг ушбу ташаббуси ҳар бир давлатнинг ўзига хос эҳтиёжлари, хавфсизлик талаблари ва ривожланиш имкониятларини инобатга олган ҳолда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилиб, амалга оширилаётган ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, хавфсизликни таъминлашдаги жараёнлар ҳақида фикр алмашилди.
Тадбирнинг муҳим босқичи Самарқанд шаҳри марказида жойлашган “Динамо” стадионида ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Ички ишлар, Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари каби асосий миллий манфаатдор ташкилотлар оммавий тадбирлар вақтида юзага келиши мумкин бўлган кимёвий ва радиологик таҳдидларга қарши курашиш бўйича ўзларининг тайёргарлик ва тезкор жавоб бериш салоҳиятини намойиш этишга қаратилган амалий дала машғулотларида қатнашди.
“Динамо 2026” деб номланган махсус дала шароитидаги ўқув машғулоти аввалида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси, Марказий Осиё бўйича минтақавий котибият раҳбари Абдуваққос Рафиқов, Европа Иттифоқининг кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий (КБРЯ) хавфларни камайтириш бўйича илғор тажриба марказлари ташаббуси доирасидаги 106-лойиҳа раҳбари Жон Жонс, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар ва бошқалар иштирок этиб, тадбирнинг мазмун-моҳиятига тўхталди.
– Бугунги кунда кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий хавфлар алоҳида бир давлат ҳудуди билан чекланиб қолмай, таҳдидлар трансчегаравий характерга эга бўлиб бормоқда, – деди Абдуваққос Рафиқов. – Уларга қарши курашиш учун давлатлараро ҳамкорлик, тезкор ахборот алмашинуви ва ягона ёндашув зарур. Мазкур дала машғулотлари бир йил давом этган самарали ҳамкорликнинг мантиқий якуни бўлиб, Ўзбекистон вазирлик ва идоралари ҳамда Европа Иттифоқи экспертлари ўртасида ўтказилган тренинглар, учрашувлар ва муҳокамаларни ўз ичига олади. Мазкур ташаббус доирасида Марказий Осиё бўйича минтақавий котибият олтита ҳамкор давлатни бирлаштириб, тизимли мулоқот, тажриба алмашиш ва ўзаро ҳамкорлик учун ноёб платформани таъминламоқда. Бизнинг асосий мақсадимиз қўшма саъй-ҳаракатлар орқали нафақат миллий салоҳиятни мустаҳкамлаш, балки узоқ муддатли минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва Марказий Осиёда янада хавфсиз ҳамда барқарор келажак учун мустаҳкам пойдевор яратишдан иборат.
Қайд этилишича, 2010 йилда бошланган мазкур ташаббус доирасида, 2015 йилдан буён Ўзбекистонда фаолият юритаётган минтақавий котибият орқали сўнгги ўн йилда 17 та минтақавий ва глобал лойиҳа муваффақиятли амалга оширилган.
Ушбу лойиҳалар биохавфсизлик ва биоҳимоя, биологик ҳамда кимёвий чиқиндиларни бошқариш, муҳим инфратузилмаларни ҳимоя қилиш, фавқулодда вазиятларга тайёргарлик ва жавоб бериш, икки мақсадли товарлар устидан стратегик назоратни кучайтириш, халқаро экспертлар билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш каби йўналишларни қамраб олган.
[gallery-29085]
– Дала машғулотининг мақсади кимёвий ёки радиологик моддалар зарарли тарзда тарқалган ҳолатда аҳоли хавфсизлигини таъминлашдан иборат, – дейди Европа Иттифоқининг кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий (КБРЯ) хавфларни камайтириш бўйича илғор тажриба марказлари ташаббуси доирасидаги 106-лойиҳа раҳбари Жон Жонс. – Бугун биз фавқулодда вазиятларга жавоб берувчи ходимлар қандай қилиб бирлашиб, аҳоли билан ишлаши, ҳодиса жойини текшириши ва вазиятни барқарор ҳолатга қайтариш учун тозалаш ишларини олиб бориши, шунингдек, жамоатчиликни содир бўлаётган воқеалардан хабардор қилишини амалда кўрдик. Бу ҳеч қачон содир бўлмаслигига умид қиладиган, аммо шунга қарамай режалаштириш жараёнимизнинг муҳим қисми бўлган ҳолатлар учун асосий тайёргарлик ҳисобланади.
Шартли жиноятчилар томонидан футбол майдонида ўтказилаётган учрашув давомида содир этилиши мумкин бўлган кимёвий ва радиологик таҳдид тегишли тузилмаларнинг ўзаро ҳамкорликдаги тезкор ҳаракатлари орқали ўз вақтида бартараф этилди. Муҳими, ҳар қандай шароитда доимий шайликни сақлаш устувор аҳамият касб этади. Хавфсизлик – бугунги кун талаби бўлса, самарали ҳамкорлик эртанги куннинг мустаҳкам кафолатидир.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари