Ёшлар ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Сирдарё вилоят ҳамда Оқолтин туман Кенгашлари ҳамкорлигида туман ёшлари иштирокида тарғибот-ташвиқот тадбири ўтказилди.
Мазкур тадбир ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, стартап ғояларини шакллантириш ва ривожлантириш, инновацион лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишга кўмаклашиш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшларга молиявий ва ҳуқуқий маслаҳатлар бериш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда иштирок этган O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши бўлим мудири Элёр Жўраев “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида амалга оширилаётган “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Унинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа оддий ташаббус эмас, балки ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, уларни реал бизнес муҳитига тайёрлаш ҳамда стартапларни ривожлантиришга қаратилган самарали платформа ҳисобланади. Келгусида ушбу лойиҳа қамровини янада кенгайтириш, ёшларни молиявий, ҳуқуқий ва менторлик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш орқали уларнинг бизнес ғояларини амалиётга татбиқ этиш имкониятларини янада ошириш режалаштирилгани қайд этилди.

Тадбир доирасида, шунингдек, “Фаровон оила” акцияси ҳам ташкил этилди. Унда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати, гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди. Шу орқали жамиятда оила институти барқарорлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий фаолликни оширишга хизмат қилувчи амалий таклиф ва ёндашувлар илгари сурилди.
Умуман олганда, мазкур ташаббуслар ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, шунингдек, жамиятда барқарор ривожланиш ва фаровонликни таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Ғулом Примов, ЎзА