Адабий алоқалар ташаббускори эътироф этилди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Таржима кенгаши раиси Зуҳриддин Исомиддинов Қирғизистон “Манас” миллий академиясининг “Олтин тундук” мукофоти билан тақдирланди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ташкил этилган анжуманда ижодкорга мукофотни академия раҳбари Назира Аали қизи топширди.
Мазкур мукофот анъанага кўра, Қирғизистоннинг «Манас» миллий академияси томонидан «Манас» эпосини тадқиқ қилиш, уни асраб-авайлаш ва дунё миқёсида кенг тарғиб қилишга улкан ҳисса қўшган олимлар, филологлар, жамоат арбоблари ва хорижий мутахассисларга топширилади.

Ушбу нишон билан филология фанлари номзодлари, таниқли манасшунос олимлар ва ҳатто хорижлик (жумладан, хитойлик, кореялик ва венгриялик) тадқиқотчилар ҳам тақдирланган.
Адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов узоқ йиллардан буён қирғиз халқининг миллий ифтихори бўлмиш «Манас» эпосини ўрганиш, уни ўзбек тилига таржима қилиш ва ўзбек китобхонлари орасида кенг тарғиб қилиш билан шуғулланиб келади. Зуҳриддин домла ўзбек ва қирғиз адабий алоқаларини ривожлантириш, икки халқ ўртасидаги маданий кўприкни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун эътироф этилиши адабиёт мухлисларини қувонтиради, албатта.

Олим Чингиз Айтматов асарларининг билимдони ва таржимони сифатида ҳам танилган бўлиб, адиб меросини оммалаштиришдаги хизматлари ҳам ушбу мукофотга лойиқ кўрилишида муҳим роль ўйнаган.
Зуҳриддин Исомиддинов 2019 йилдан буён Қирғизистон Миллий ёзувчилар уюшмаси аъзоси ҳамда 2023 йилдан Чингиз Айтматов академиясининг фахрий академиги ҳисобланади.
Н.Усмонова, ЎзА