Туркий дунё: ягона руҳ, турфа ранглар
Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида Халқаро ТУРКСОЙ ташкилотига аъзо давлатлар ёш рассомларининг “Туркий дунё: ягона руҳ, турфа ранглар” номли кўргазмасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир туркий халқларнинг бой маданий мероси, умумий тарихи ва замонавий бадиий изланишларини намоён этувчи нуфузли халқаро маданий воқеалардан бири ҳисобланади. ТУРКСОЙ — туркий давлатлар ўртасида маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, миллий анъаналарни асраб-авайлаш ва уларни жаҳон ҳамжамиятига кенг тарғиб қилишга хизмат қилаётган халқаро ташкилот сифатида ушбу жараёнда муҳим ўрин тутади.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “ТУРКСОЙ рассомлар учрашуви” Ўзбекистонда тўртинчи маротаба туркий мамлакатлар ижодкорларини бирлаштириб, улар ўртасида ижодий мулоқот, тажриба алмашиш ва дўстона алоқаларни ривожлантириш учун самарали платформа вазифасини ўтамоқда.
Ушбу кўргазма туркий тилли халқларнинг эртанги санъатини белгилаб берувчи ёш ва истиқболли рассомларнинг ўзига хос ижодий майдонига айланди. «Туркий дунё: ягона руҳ, турфа ранглар» лойиҳаси нафақат тажриба алмашиш, балки турли маданий муҳитда шаклланаётган ёш авлоднинг умумий қадриятлар ва замонавий дунёқарашини санъат тилида ифодалаш мақсадида ташкил этилди.
Жорий йилги кўргазмада Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия ва Ўзбекистондан ташриф буюрган ёш ва иқтидорли рассомларнинг асарлари намойиш этилаяпти. Экспозиция рангтасвир, графика ва ҳайкалтарошлик каби турли йўналишларни қамраб олган бўлиб, ҳар бир асарда миллий анъаналар, замонавий бадиий ёндашувлар ва индивидуал ижодий изланишлар уйғунлиги ўз ифодасини топган.
[gallery-28900]
Санъатшуносларнинг фикрича, экспозицияда иштирок этаётган ҳар бир ижодкор ўз халқининг тарихий илдизларини замонавий талқинда тақдим этади. Кўргазма доирасида биз қуйидаги ижодкорларнинг серқирра изланишларига гувоҳ бўламиз. Хусусан, Озарбайжон вакили Жайхун Муршудов ўзининг академик маҳорати ва миллий руҳдаги композициялари билан диққатни тортса, қозоғистонлик ёш мусаввир Асқар Нурболат дашт эркинлиги ва кўчманчилар маданиятининг янгича қиёфасини рангларда акс эттиради. Қирғизистонлик ижодкор Толобек Шейшеналиев асарларида тоғлар ўлкасининг сокинлиги ва фалсафий теранлиги сезилиб туради.
Туркиялик ёш ижодкорлар Меҳмет Ўзкартал ва Мина Севинч Анадолу санъатининг қадимий нақшларини замонавий графика ва рангтасвир услублари билан бойитган бўлса, Ольга Сунчелеева ўз асарларида маданий уйғунлик ва эстетик назокатни намойиш этади. Шунингдек, Ёқуб Бекназаров асарларида портрет жанрини ва Сардор Эркинов ижодий изланишларида ўзига хос услубни кўриш мумкин.
Мазкур кўргазма туркий халқлар санъатининг давомийлигини таъминловчи ёш кучларнинг бирлашувидир. Бу ерда тақдим этилган асарлар шуни кўрсатадики, масофалардан қатъи назар, ёш рассомларни умумий тарих, маънавий яқинлик ва гўзалликка бўлган ягона интилиш бирлаштириб туради.
Н.Усмонова,
О.Пардаев (сурат), ЎзА