Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар иқтисодиётнинг барча тармоқларини қамраб олган. Айниқса, ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, улар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада ҳудудларда ташкил этилаётган “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари” муҳим аҳамият касб этмоқда.
Навоий вилояти Қизилтепа туманида ташкил этилган ана шундай зонада ҳам бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Вилоят прокурори Абдуқаҳҳор Муллажонов ва вилоят ИИБ бошлиғи Азат Тасбаев мазкур ҳудудда бўлиб, олиб борилаётган ишларни ўрганиш жараёнида тадбиркорлар билан суҳбатда бўлди.

Учрашув давомида ташаббускор ёш тадбиркорларнинг муаммолари ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Маълумотларга кўра, мазкур зонада умумий қиймати 51,2 миллиард сўмлик 43 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Энг муҳими, бу лойиҳалар орқали 300 га яқин янги иш ўринлари яратилади. Бу эса нафақат иқтисодий ўсиш, балки аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларнинг даромад манбаига эга бўлиши каби муҳим масалаларни ҳал этишга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА