Ёшлар кунида очиқ мулоқот ўтказилди
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирлик ва идоралар ҳамда ҳудудларда “Ёшлар куни” сифатида белгиланиши ёшлар билан очиқ ва тизимли мулоқот механизмларини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Шу муносабат билан рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Тошкент давлат иқтисодиёт университетида таҳсил олаётган талабалар ва ёш мутахассислар билан учрашув ўтказди.

Тадбир аввалида вазир ёшлар томонидан ишлаб чиқилган инновацион ишланмалар ва технологик лойиҳалар билан танишди. Хусусан, 3D-принтерлар ёрдамида яратилган маҳсулотлар, робототехника ечимлари, учувчисиз қурилмалар макетлари ҳамда илмий ишланмалар намойиш этилди. Ёшларнинг амалий ёндашуви ва технологияларга бўлган қизиқиши алоҳида эътироф этилди. Шу билан бирга, вазир ушбу ишланмаларни янада такомиллаштириш, амалиётга кенг жорий этиш ва тижоратлаштириш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.


Шундан сўнг ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари, илғор ғоялари ва ташаббуслари тингланди. Хусусан, рақамли иқтисодиёт, финтех, молиявий технологияларни ривожлантириш, иқтисодий жараёнларни рақамлаштириш ҳамда ушбу йўналишларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш масалалари мулоқот марказида бўлди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА