Ёш чемпион қиз
ФОТОРЕПОРТАЖ
Юртимизда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқаришга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бермоқда. Бугун ана шундай ёш истеъдодлар халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Бухоролик Дилсора Комилова ана шундай иқтидорли спортчилардан бири.
Дилсора Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги 55-сонли умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси бўлиб, билимли, интизомли ва зукко ёш сифатида тенгдошлари орасида ажралиб туради.
[gallery-28955]
У 2019 йилдан буён универсал жанг спорт тури билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Қисқа вақт ичида юқори натижаларга эришган спортчи 10 карра Ўзбекистон чемпиони, 3 карра Осиё чемпиони, 5 карра жаҳон чемпиони, шунингдек, қатор халқаро турнирлар ғолиби бўлди.
Жумладан, у 2023 йилда Қирғизистонда ўтказилган Осиё чемпионати ҳамда Грузиянинг Тбилиси шаҳрида ташкил этилган жаҳон чемпионатида биринчи ўринни қўлга киритди. 2024 йилда Туркияда бўлиб ўтган жаҳон биринчилигида ҳам ғолибликка эришди.
2025 йилда эса Осиё ва жаҳон чемпионатларида яна бир бор тенгсиз эканини намоён этиб, Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтарди.
Бундан ташқари, Дилсора Комилова Ўзбекистон универсал жанг федерацияси томонидан 2024–2025 йилнинг энг яхши ёш спортчиси сифатида эътироф этилди. Шунингдек, яқинда Самарқанд шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда ҳам ғолибликни қўлга киритди.
Таъкидлаш жоизки, Ревгар спорт мактаби Дилсора Комилованинг спортдаги ютуқларида муҳим ўрин тутади. Мазкур спорт мактабида бугунги кунда 24 йўналиш бўйича бўлимлар фаолият юритиб, шундан 16 таси олимпия, 4 таси паралимпия, 2 таси миллий ва 2 таси Осиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турларидан иборат.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА