Зукко китобхонлар аниқланди
Самарқандда “Ёш китобхон” танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Унда танловнинг туман (шаҳар) босқичида уч ёш тоифаси (10–14, 15–19, 20–30 ёш) бўйича ғолибликни қўлга киритган 48 нафар иқтидорли ёшлар иштирок этди.

Ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш орқали уларнинг фикрлаш ва дунёқарашини кенгайтириш, китобсевар йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган анъанавий танлов иштирокчилари “Бадиий асарлар билимдони” ҳамда “Тезкор савол-жавоб” шартлари асосида ўз билимларини синовдан ўтказди.

Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар натижасида 10-14 ёшли китобхонлар орасида Пахтачи тумани вакили Темур Фахриддинов, 15-19 ёшлилар ўртасида нарпайлик Шаҳзода Ўктамова, 20-30 ёшлилар тоифасида булунғурлик Маржона Турсунмуродова биринчи ўринни қўлга киритди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.



Танлов ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари