Ёшлар билан мулоқот – ислоҳотлар самарадорлигининг муҳим омили
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшлар масаласи устувор йўналишлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Айниқса, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ана шундай амалий саъй-ҳаракатларнинг яна бир ифодаси сифатида Навоий шаҳридаги ҳарбий қисмда “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.

Ҳарбий қисм аскарлари иштирок этган учрашув Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилояти Кенгаши ҳамда “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ҳамкорлигида ўтказилди.
Тадбир давомида ёшлар ташкилоти раҳбарлари томонидан Президентимизнинг 2026 йил 24 февраль куни ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувида илгари сурилган 32 та муҳим имконият ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур имкониятлар ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши ҳамда ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун кенг шароитлар яратишга қаратилган. Бу эса ўз навбатида, давлатимиз томонидан олиб борилаётган ёшларга оид сиёсатнинг амалий ифодасидир.
Учрашув давомида ёшларга мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш юзасидан тавсиялар берилиб, уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
Албатта, бундай очиқ мулоқотлар ёшлар ва раҳбарлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, муаммоларни жойида ҳал этиш ҳамда ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
А. Бўриев, ЎзА