Қўриқлаш хизмати фаолиятида замонавий ёндашув
Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизматида “Қўриқлаш хизмати фаолиятида замонавий ёндашувлар ва хавфсизликни таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусида пресс-тур ҳамда матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи, унинг ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва блогерлар иштирок этди.

Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 28 ноябрдаги “Ички ишлар органларининг қўриқлаш соҳасидаги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти сифатида қайта ташкил этилди.
Пресс-тур давомида вилоят ИИБ бошлиғи Азат Тасбаев, Қўриқлаш хизмати бошлиғи Акмал Турсунов ва бошқа мутасаддилар томонидан соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий қурилмалар, махсус воситалар ҳамда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тадбир доирасида ташкил этилган кўргазмада Қўриқлаш хизматида қўлланилаётган техник воситалар, қўриқлов ускуналари ва уларнинг вазифалари намойиш этилди. Шунингдек, ходимларнинг жисмоний-жанговар тайёргарлиги ҳамда кинологлар хизмат итлари билан биргаликдаги кўргазмали чиқишлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Пресс-тур иштирокчилари Мониторинг марказида бўлиб, ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, айни пайтда Қўриқлаш хизмати мониторинг марказлари томонидан 6411 та объект, 4396 та якка тартибдаги хонадон ҳамда “Навоий тажрибаси” асосида 793 та кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари “ташвиш тугма”лари билан жиҳозланган.

– Ҳозирда вилоятда 25 та тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар хизмати йўлга қуйилган, – дейди Қўриқлаш хизмати бошлиғи Акмал Турсунов. – Улар туну кун фаолият олиб боради. Фойдаланиб келинаётган 20 та автотранспортнинг ички ва олд қисмини тасвирга олувчи авторегистратор, хизмат олиб борувчи ходимлар бодикамера ва андроид планшетлар билан таъминланган. Ушбу қўриқда бўлган объект ва хонадонлардан келиб тушган ташвиш хабарлари ҳамда тунги патруллик давомида 496 та ҳар хил турдаги ҳолатларнинг олди олинган.

Бундан ташқари, “regoxrana.uz”, “admin.reoxrana.uz”, “e-murojaat.uz” ва “e-hisobot” ахборот тизимлари самарали қўлланилмоқда. Барча кузатув камералари “IVMS” дастурига интеграция қилинган.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА