“Жасорат учқунлари” – ватанпарвар ёшлар майдони
Ёшларда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш, уларнинг жисмоний ҳамда маънавий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган “Жасорат учқунлари” ҳарбий-ватанпарварлик ва спорт мусобақаси кўтаринки руҳда ташкил этилди.
“Жасорат мактаби” ўқувчилари иштирок этган мазкур мусобақа “Мардлик, билим ва садоқат” шиори остида ташкил этилди. Унда ёшларнинг нафақат жисмоний тайёргарлиги, балки билим, чаққонлик, интизом ва жамоавийлик кўникмалари ҳам синовдан ўтказилди.
Мусобақанинг дастлабки босқичларидaноқ иштирокчилар саф тайёргарлиги, тезкорлик ва чаққонликни талаб этувчи шартларда фаол қатнашиб, ўзларининг матонати ва шижоатини намоён этди. Айниқса, саф машқлари жараёнида интизом, бирдамлик ва жамоа руҳининг яққол кўзга ташлангани беллашувлар аҳамиятини янада оширди.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунида жамоалар ўзаро куч синашиб, муносиб натижаларни қайд этди. Якуний ҳисоб-китобларга кўра, Косон тумани 33-мактаб жамоаси фахрли 1-ўринни эгаллаган бўлса, Чироқчи тумани 105-мактаб жамоаси 2-ўринни, Қарши тумани 52-мактаб жамоаси эса 3-ўринни қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан тантанали равишда тақдирланди.
[gallery-28835]
Таъкидлаш жоиз, бундай мусобақалар ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга садоқат, жасорат ва фидойилик туйғуларини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади. “Жасорат учқунлари” эса ана шундай эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришда самарали майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА