“Ёш гвардиячи” мусобақасида энг кучли жамоалар аниқланди
Сирдарё вилоятида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг жисмоний тайёргарлиги ва жамоавийлик кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган “Ёш гвардиячи” ҳарбий-спорт мусобақасининг вилоят босқичи юқори савияда ташкил этилди.
Миллий гвардия Сирдарё вилоят бўйича бошқармасида ўтказилган тадбир Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, Ёшлар ишлари бошқармаси ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Бу эса мусобақанинг мазмунан бой ва ҳар томонлама пухта ўтказилишига замин яратди.


Беллашувларда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан саралаб олинган 12 та жамоа иштирок этди. Улар 10 та шарт бўйича ўзаро куч синашиб, жисмоний тайёргарлик, чаққонлик, тезкорлик ва жамоавийлик борасида ўз имкониятларини намоён этдилар. Айниқса, ҳарбий-амалий машқлар, тўсиқлар йўлагидан ўтиш ва саф тайёргарлиги каби синовлар иштирокчилардан юқори даражадаги тайёргарликни талаб этди.


Қизғин ва муросасиз кечган беллашувлар якунига кўра, Сайхунобод тумани 41-мактабнинг “Оқ арслонлар” жамоаси ғолибликни қўлга киритиб, мусобақанинг республика босқичига йўлланма соҳибига айланди. Иккинчи ўрин Гулистон шаҳри 16-мактабнинг “Шерюраклар” жамоасига, учинчи ўрин эса Гулистон тумани 27-мактабнинг “Арслонлар” жамоасига насиб этди.

Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири