Теннисчиларимиз Хитойда ўтказилган WTA 250 туркумидаги мусобақанинг жуфтлик баҳсларида чемпионликни қўлга киритди
Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида ўтказилган “Guangzhou Open” халқаро турнирида Полина Кудерметова ва Мария Тимофеева жуфтлик баҳсларида бош совринга сазовор бўлди.
Ҳал қилувчи финал учрашувида ҳамюртларимиз Хитой Тайпейи вакилалари И-Хсуан Чо ва И-Тсен Чо жуфтлигига қарши кортга чиқди. Қизиқарли ва муросасиз кечган баҳсда теннисчиларимиз 7:5, 7:6 (1) ҳисобида ғалаба қозониб, турнир чемпионига айланди.
Шу тариқа, Полина Кудерметова ва Мария Тимофеева халқаро кортлардаги муваффақиятларига яна бир нуфузли совринни қўшиб қўйди.
Ғалаба эвазига Полина Кудерметова ва Мария Тимофеева жуфтлиги 13 минг 600 АҚШ доллари миқдорида мукофот пули ҳамда ҳар бири ўз рейтингига 250 очкодан қўшиб олди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА