Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлса, етказилган зарарни ким қоплайди?
Ҳуқуқий муносабат
Маълумки, бунда етказилган зарар зарар етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим. Хўш, унда суғурталовчи нима вазифани бажаради?
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Айгерим Арипбаева бу борада қуйидагиларни маълум қилди:
– “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунда йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида хабарнома тузилганда жабрланувчининг транспорт воситасига етказилган зарар ушбу қоидаларнинг 39-бандида белгиланган суғурта тўлови миқдоридан ошмаслиги керак. Бунда етказилган зарар миқдори йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги хабарнома суғурталовчига тақдим этилганидан сўнг ошган тақдирда, суғурталовчи суғурта суммасининг фақат ушбу қоидаларнинг 39-бандида кўрсатилган миқдордан ортиқ бўлмаган қисмини суғурта товони сифатида тўлайди.
39-бандда жабрланувчининг мол-мулкига зарар етказилганда суғурта тўлови суғурта суммасининг 35 фоизидан ошиши мумкин эмаслиги келтирилган.
Йўл ҳаракатида қатнашаётган транспорт воситаси ҳайдовчисида мажбурий суғурта бўйича суғурта полиси мавжуд бўлиши шарт.
Суғурта полиси мавжуд бўлмаса, фуқаролик жавобгарлигининг юзага келиши суғурта ҳодисаси ҳисобланмайди. Яъни, зарарни тўлиқ зарар етказган шахс тўлайди.
Гулноза Бобоева, ЎзА