Ер куни муносабати билан Фарғонада амалий тадбирлар ва муҳим учрашувлар ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
22 апрель — Бутунжаҳон Eр куни муносабати билан Фарғона вилоятида қатор тадбирлар ташкил этилди. Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармалари Фарғона давлат техника университети билан ҳамкорликда ўтказган ушбу тадбирлар ёшлар фаоллигини ошириш, атроф-муҳит муҳофазасига эътиборни кучайтиришга қаратилди.
Тадбирлар спорт мусобақалари билан бошланди. Кадастр соҳаси ходимлари ва талаба-ёшлар ўртасида ўтказилган мини-футбол баҳслари қизиқарли ва муросасиз кечди. Якунда Фарғона давлат техника университети жамоаси ғолиб деб топилиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида манзарали дарахт кўчатлари экилиб, ҳудуд экологик муҳитини яхшилашга муносиб ҳисса қўшилди.
Тадбирлар доирасида кадастр соҳасидаги замонавий технологиялар кўргазмаси ҳамда “Карьера куни” ташкил этилди. Унда ёшларга соҳадаги имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
[gallery-28948]
Айниқса, “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви тадбирнинг энг мазмунли қисми бўлди. Унда Кадастр агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Нодирбек Машрапов, Фарғона давлат техника университети ректори Рустам Тожиев, Қўқон давлат университети вакиллари, профессор-ўқитувчилар ҳамда фаол талаба-ёшлар иштирок этди.
Учрашувда сўзга чиққан Нодирбек Машрапов барча иштирокчиларни байрам билан табриклаб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.
Шу билан бирга, ёшларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Ер менинг нигоҳимда” номли видео ва рилслар танлови ғолиблари ҳам муносиб тақдирланди.
Очиқ ва самимий мулоқот руҳида ўтган учрашув иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Тадбир якунида кадастр бошқармаси ва университет ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан таклифлар билдирилиб, келгуси вазифалар белгилаб олинди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА