Япония телеканали Ўзбекистон ҳақида кўрсатув тайёрлади
Япониянинг RCC TV телеканали Ўзбекистоннинг бой тарихи, жозибадор туризм салоҳияти ҳамда икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларга бағишланган махсус кўрсатув намойиш этди.
Дастурда мамлакатимизнинг бой ва ранг-баранг туризм салоҳияти, жаҳон ҳамжамиятидаги тобора мустаҳкамланиб бораётган ижобий имижи ҳамда Ўзбекистон – Япония маданий-гуманитар алоқалари шаклланиши тарихи атрофлича таҳлил қилинган.
Кўрсатув давомида Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларимиздаги бетакрор меъморий обидалар, миллий анъаналаримиз ва юртимизнинг замонавий сайёҳлик инфратузилмаси ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди. Шунингдек, мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича жадал ислоҳот олиб борилаётгани, хорижий сайёҳлар учун қулай шарт-шароит яратилаётгани ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Ижодкорлар давлатларимиз ўртасидаги кўп йиллик дўстона муносабат, ўзаро ишонч ва ҳамкорликка асосланган алоқаларнинг тарихи ва бугунги кундаги ривожланиш босқичи ҳақида ҳам сўз юритган. Маданият, таълим, туризм соҳаларида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар мисолида самарали шериклик натижаси ёритиб берилган.
Лавҳа якунида халқаро майдондаги нуфузи тобора ортаётган Ўзбекистон очиқ, дўстона сиёсати, бой тарихи, маданий мероси сабаб жаҳон сайёҳлари учун жозибадор йўналишга айланаётгани қайд этилган.
Умуман, бундай медиа лойиҳалар мавжуд дўстлик риштасини янада мустаҳкамлаши, икки халқлар ўртасидаги ўзаро англашув ва яқинликни кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланган.
Фардона Яхшибоева, ЎзА