“Тарағай” баҳори яна сайёҳларни чорлайди
Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги Тарағай қишлоғи нафақат ўзининг сўлим табиати, балки бой тарихий мероси билан ҳам аҳамиятли масканлардан бири ҳисобланади. Пурвиқор тоғлар бағрида жойлашган ушбу қишлоқ ҳар баҳор табиатнинг уйғониши билан янада жозибадор қиёфа касб этади.
Буюк Соҳибқирон Амир Темурнинг отаси Тарағай Баҳодир номи билан боғлиқ бўлган бу қадамжода темурийлар даврига оид кўплаб тарихий ёдгорликлар сақланиб қолган. Хусусан, “Тарағай ғори”, “Дунётепа” ва “Фармонтош” каби обидалар асрлар қаъридан сўзловчи бебаҳо мерос сифатида диққатни тортади. Тарихий сир-синоатларга бой мазкур масканлар ҳар қандай меҳмон ва сайёҳда катта қизиқиш уйғотади.
Тарағайнинг яна бир ўзига хос жиҳати унинг бетакрор табиати. Мовий осмон билан туташиб кетган тоғлар, мусаффо ҳаво, зилол сувли булоқлар ва яшилликка бурканган ёнбағирлар бу ҳудудни экотуризм учун жозибадор манзилга айлантирган.
Ана шу гўзалликлар бағрида бу йил тўртинчи бор “Тарағай баҳори” фестивали кенг нишонланди. Қишлоқнинг баланд нуқталаридан бирида ташкил этилган фестиваль минглаб меҳмонларга унутилмас таассуротлар улашди.
Тадбир давомида миллий қадриятлар, урф-одатлар ва халқ ўйинлари намойиш этилди. Оқсуяк, чиллик, мак-мак каби қадимий миллий ўйинлар ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
[gallery-29791]
– Миллий ўйинларимиз, урф-одатларимиз ва миллий таомларимиз халқимизнинг бебаҳо маънавий меросидир, – дейди 55-мактаб директори Усмонхон Абдираҳмонов. – Ўқувчиларимиз иштирокида ана шу қадриятларни намоён этишга ҳаракат қилдик. Бу эса фестиваль иштирокчиларида катта қизиқиш ва илиқ таассурот қолдирди.
Фестиваль майдонида миллий ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати кўргазмалари ташкил этилди. Меҳмонлар миллий таомлар тайёрланиш жараёни билан танишиб, халқ оғзаки ижоди намуналаридан баҳраманд бўлди.
Фестивалга нафақат Чироқчи тумани, балки вилоятнинг турли ҳудудларидан ҳам кўплаб меҳмонлар ташриф буюрди.
Маданий дастурлар ҳам тадбирнинг энг ёрқин саҳифаларидан бирига айланди.
– Бу фестивалда мактабимиз қошидаги “Тошқинбулоқ” фольклор ансамбли, дуторчи қизлар жамоаси, доирачилар ва эстрада чолғу ижрочилари иштирок этмоқда, – дейди Чироқчи тумани 15-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби раҳбари Гулшан Ёриева. – Бу тадбир миллий қадриятларимизни келажак авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Фестиваль меҳмонларида миллий ҳунармандчилик кўргазмалари ҳам катта қизиқиш уйғотди. Табиий жундан ҳеч қандай сунъий бўёқларсиз тўқилган гиламлар, миллий каштачилик намуналари ва ноёб нақшлар халқимизнинг бой маданий мероси ва юксак диди намойиши бўлди.
– “Тарағай баҳори” фестивали ҳар йили аҳоли томонидан катта интизорлик билан кутилади, – дейди Чамбил маҳалласи хотин-қизлар фаоли Лобар Қўчқорова. – Бугун ҳам байрам кўтаринки руҳда ўтмоқда. Одамларнинг кайфияти аъло, юртдошларимиз бугунги файзли муҳитдан мамнун.
Тадбир якунида эл суйган санъаткорлар, шунингдек, “Чироқчи чироқлари” каби фольклор жамоаларининг чиқишлари фестивалга янада файз бағишлади. Куй-қўшиқлар ва халқона чиқишлар иштирокчиларга ҳақиқий байрамона кайфият улашди.
Бир сўз билан айтганда, “Тарағай баҳори” фестивали нафақат миллий қадриятларни тарғиб этиш, балки ҳудуднинг бой тарихий мероси ва бетакрор табиатини кенг жамоатчиликка танитишга хизмат қилмоқда. Бу эса Тарағайнинг туризм салоҳиятини янада ошириш, ички ва ташқи сайёҳлар оқимини кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири