Машҳур “Ротана” меҳмонхоналар бренди Ўзбекистон бозорига киришни режалаштирмоқда
Ўзбекистоннинг жаҳон туризм харитасидаги нуфузи тобора ошиб бориши билан мамлакатимизга халқаро меҳмонхона тармоқларининг қизиқиши ҳам кучаймоқда. Ана шундай йирик брендлардан бири бўлган “Rotana Hotel Management Corporation PJSC” компанияси Ўзбекистон бозорига киришга қизиқиш билдирмоқда.
Туризм қўмитаси раиси ҳамда “Rotana Hotel Management Corporation PJSC” компаниясининг Стратегия бўйича директори Амна ал-Новайс ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, меҳмонхоналар инфратузилмасининг жадал ривожланиши ва хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар хусусида фикр алмашди.

Компания вакилларига мамлакатимизда меҳмонхоналарга бўлган талабнинг ўсиши, янги туристик йўналишлар ва зиёрат туризми имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, Самарқанд вилоятида барпо этилган Имом ал-Бухорий мажмуаси ҳамда унинг атрофида шакллантирилаётган замонавий туристик инфратузилма тақдимоти ўтказилди.
Учрашув давомида Амна ал-Новайс Ўзбекистонда туризм соҳасида эришилаётган натижаларни юқори баҳолаб, компания мамлакат бозорига бир нечта нуфузли брендлар орқали кириш имкониятини кўриб чиқаётганини маълум қилди. Жумладан, турли тоифадаги меҳмонлар талабларини қондириш мақсадида юқори тоифали меҳмонлар учун мўлжалланган 5 юлдузли “Rotana Hotels & Resorts”, 4 юлдузли “Edge by Rotana” ҳамда замонавий ва қулай форматдаги 3 юлдузли “Centro Hotels by Rotana” брендлари билан Ўзбекистонда фаолият бошлаши мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Бу ташаббус мамлакатимиз туризм инфратузилмасини янада такомиллаштириш, хизматлар сифатини халқаро стандартларга мувофиқ ошириш ҳамда хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Дилдора ДЎСМАТОВА ЎзА