Япония КХДРга протест киритди
Япония пайшанбага ўтар кечаси иккита баллистик ракета синовини амалга оширгани муносабати билан Корея Халқ Демократик Республикасига нисбатан протест эълон қилди. Бу ҳақда кун чиқар юрт ҳукумати матбуот хизмати маълум қилди.
Мазкур баёнотда, жумладан, шундай дейилган:
– Баллистик ракеталар учирилиши Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюциялари талаби бузилганини англатади ва мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш масаласида жиддий муаммо келтириб чиқаради. Шу муносабат билан КХДРга қатъий протест киритамиз.

Маълумотга кўра, 50 километр баландликда учган ракеталар 350-400 километрга бориб, Япония иқтисодий ҳудудига тушган. Воқеа оқибатида бирор зарар етгани тўғрисида маълумот йўқ.
Япония “АҚШ ва Корея Республикаси билан яқин ҳамкорликда мазкур воқеа билан боғлиқ маълумотни тўплаш ва таҳлил қилишда давом этиши”ни маълум қилган.
ЎзА