Япон инвесторлари Гулистонда киви етиштиришни йўлга қўяди
Гулистон туманида Япониялик инвесторлар иштирокида йирик агросаноат лойиҳаси бошланди. Туман ҳокими Олимжон Жўраев ташаббуси билан ўтказилган учрашувда икки томонлама ҳамкорлик ва инвестиция имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида ҳудудда замонавий киви плантациясини барпо этиш лойиҳаси муҳокама қилинди ва уни амалга ошириш бўйича аниқ келишувларга эришилди. Учрашув якунида қиймати 10 миллион АҚШ долларига тенг инвестициявий ташаббус амалий босқичга ўтказилди.

Лойиҳа Мевазор маҳалласида жойлашган “Отабек Одилжон Бизнес” МЧЖ тасарруфидаги ер майдонларида амалга оширилади. Япониянинг Tolbex компанияси мутахассислари ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитини чуқур таҳлил қилиб, киви етиштириш учун жуда қулай экани эътироф этди. Шу асосда туман ҳокимлиги билан ер майдонларини узоқ муддатли ижарага олиш бўйича шартнома имзоланди.

Лойиҳа доирасида Япониялик инвесторлар 10 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритади. Натижада йилига ўртача 5 миллион долларлик экспортбоп киви маҳсулотлари етиштирилади, замонавий агротехнологиялар жорий қилинади ва 30 нафардан зиёд янги иш ўринлари яратилади.

– Мазкур лойиҳа ҳудуд иқтисодиётини диверсификация қилишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Гулистон тумани Инвестициялар, саноат ва савдо шуъбаси бош мутахассиси Валижон Йўляхшиев. – Шу билан бирга янги иш ўринлари яратиш, замонавий агротехнологияларни жалб этиш ва экспорт ҳажмини ошириш имконини беради. Бунинг натижасида маҳаллий аҳоли даромадлари кўпайиб, турмуш даражаси янада яхшиланади.
Мутахассислар фикрича, ушбу ташаббус ҳудудда интенсив боғдорчиликни ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва замонавий агробизнес моделларини жорий этишда муҳим қадам бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири