Бозорларда хавфсизлик назорати доимий эътиборда (+видео)
Бозорларда кузатилаётган тўкинчилик мамлакат иқтисодиётининг барқарорлиги ва қишлоқ хўжалиги соҳасининг изчил ривожланаётганидан далолат беради. Сўнгги йилларда маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши ва фермер хўжаликларига яратилган имкониятлар бозорларда маҳсулотлар сероблигини таъминламоқда.
Бозорлардаги фаровонлик билан бир қаторда энг муҳим масала — хавфсизлик тизими ҳисобланади. Чунки бозорлар аҳоли энг кўп тўпланадиган, кунлик фаол ҳаракат кузатиладиган ҳудуд бўлиб, бу ерда ҳар қандай хавфсизлик қоидасига амал қилиш инсон ҳаёти ва мулкини ҳимоя қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Маълумотларга кўра, катта бозорларда бир кунда ўртача 10–50 минггача харидор ва сотувчи ҳаракатланади, бу эса хавфсизлик назоратини узлуксиз кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Қашқадарё вилояти Ғузор туманида жойлашган “Баракали Аҳмадшоҳ авлодлари” МЧЖ раҳбари Регина Шоева бу ҳақда қуйидагича фикр билдирди:
– Бозорлардаги фаровонлик қанчалик муҳим бўлса, хавфсизлик тизими ҳам шунчалик ҳал қилувчи аҳамиятга эга, – дейди Регина Шоева. – Айниқса, ёнғинга қарши тизим, электр тармоқларидан тўғри фойдаланиш ва назорат механизмларининг кучайтирилиши ҳар бир фуқаронинг хавфсизлигини таъминлайди. Бозор — бу фақат савдо жойи эмас, балки инсонлар жамланадиган катта ижтимоий ҳудуд. Сўнгги вақтларда бозорларда инфратузилмани яхшилаш билан бирга, хавфсизлик чораларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йўлакларни тартибга келтириш, санитария шароитини яхшилаш билан бир қаторда, электр тармоқлари ва техник жиҳозлардан хавфсиз фойдаланиш устидан назорат кучайтирилмоқда. Айниқса, ёнғинга қарши хавфсизлик масаласи устувор йўналишга айланган. Бозор ҳудудларини ўт ўчириш воситалари билан тўлиқ жиҳозлаш, махсус назорат постларини ташкил этиш ва ходимларни фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланишга ўқитиш орқали хавф-хатарларнинг олди олинмоқда.
Қайд этилишича, эски электр симлар ва ноқонуний уланишлар, ёниб кетиш хавфи юқори бўлган савдо нуқталари, одамлар гавжумлигида эвакуация йўлакларининг тўсилиши ҳамда санитария талабларига тўлиқ амал қилинмаслик каби ҳолатлар бозорлардаги асосий хавф омиллари саналади.
Сўнгги йилларда бозорларда хавфсизликни яхшилаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, видеокузатув камералари ўрнатилмоқда, фавқулодда вазиятлар учун огоҳлантириш тизимлари жорий этилмоқда, ҳар бир савдо нуқтасида ўт ўчириш воситалари мажбурий қилиб белгиланмоқда. Шу билан бирга, бозор маъмурияти ходимлари учун фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш бўйича махсус ўқув машғулотлари ўтказиш амалиёти ҳам кенгаймоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/bvwdZU8pP3M" title="Bozorlarda xavfsizlik nazorati doimiy e’tiborda " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Тошқораева, ЎзА