“103” хизматида нималар ўзгарди?! (+видео)
Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тез тиббий ёрдамнинг ягона интеграциялашган модели яратилишини соҳадаги катта ютуқлардан бири сифатида қайд этиш мумкин.
Эндиликда Электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими туфайли бригадаларнинг чақириқ манзилларига етиб бориш вақти 25–30 дақиқадан 10–15 дақиқагача қисқарди. Манзилларга кечикиб бориш ҳолатлари кескин камайиб, 1,1 фоиздан 0,3 фоизга тушди. Сифатни назорат қилувчи “Call-back” тизими туфайли аҳолидан келиб тушаётган шикоятлар 36 фоизга камайди.
Тизимда нафақат техника, балки хизмат кўрсатиш маданияти ҳам янгиланмоқда. “103” хизмати DMED ягона платформаси билан интеграция қилинди. Бу шифокорга йўл-йўлакай беморнинг касаллик тарихи ва унга бириктирилган поликлиника ҳақида маълумот олиш имконини беради. Соҳа тарихида илк бор Тошкент кўчаларида тез ёрдам электромобиллари хизмат кўрсатишни бошлади. Эскирган транспортлар ўрнини 1000 дона замонавий “Volkswagen Caddy” автомашиналари эгаллади.
Ўз навбатида, Жанубий Кореянинг KOFIH ташкилоти билан ҳамкорликда Тошкент ва Самарқандда ташкил этилган симуляцион ўқув марказлари соҳа ходимларининг малакасини оширишда асосий бўғин бўлмоқда. Шундай марказлар ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида ҳам барпо этилмоқда.
2026 йилнинг январь ойида қабул қилинган Президент қарори билан тез тиббий ёрдам хизмати олдига янги, ҳаётий муҳим вазифа қўйилди. Эндиликда тизим нафақат чақириққа бориш, балки ўткир юрак-қон томир ва мия қон айланиши бузилишларини барвақт аниқлаш ҳамда эрта ўлим ва ногиронликнинг олдини олиш бўйича асосий масъул орган этиб белгиланди.
Тизимдаги барча технологик янгиланишлар, замонавий автотранспорт воситалари ва рақамли платформалар ягона мақсад, яъни инсон ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади. Бироқ, энг мукаммал техника ҳам инсоний масъулият ўрнини боса олмайди.
Тизимда асоссиз чақириқлар ҳамон самарадорликка таъсир этувчи асосий омиллардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар бир асоссиз мурожаат ортида ҳаёт-мамот ёқасида турган бошқа бир беморнинг ҳаққи, шифокорларнинг қимматли вақти ва давлат ресурсларининг бесамар сарфи ётибди. Оддий ҳолатларда, яъни амбулатор шароитида даволаниш имкони бўла туриб “103” хизматини банд қилиш оғир аҳволдаги беморларга ёрдам кўрсатиш тезлигини пасайтириши мумкин.
Тез тиббий ёрдам хизматига бўлган масъулиятли муносабат нафақат ўзимиз, балки яқинларимиз ва бутун жамият хавфсизлигига қўшилган ҳиссадир. Зеро, тез ёрдамнинг тезкорлиги фуқаролик маданиятимиз ва вазиятга тўғри баҳо бера олишимизга ҳам боғлиқ.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/YgRqzKTct9M" title="“103” xizmatida nimalar o`zgardi?!" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Дилдора Дўсматова, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА