Янги уй-жойлар ва саноат бинолари қуришга керак бўладиган 98 фоиз материалларни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари қурилиш материаллари соҳасини қурувчининг ишончини қозониб, сифат, стандарт, ассортимент ва нарх бўйича комплекс ечим таклиф қиладиган тармоққа айлантириш лозимлигини таъкидлади.
Бундан 10 йил олдин маҳаллий қурилиш материаллари деганда қум-шағал, ғишт, цемент, ойна ва шифер тушунилар эди. Бу нари борса қурилишда ишлатиладиган жами материалларнинг 35-40 фоизини ташкил қилган.
Сўнгги ўн йилда соҳага 12 миллиард доллар инвестиция киритилди, 4 мингдан ортиқ янги замонавий корхоналар ишга тушди.
Цемент, ойна, базальт, керамик буюмлар, газоблок, қуруқ қоришмалар каби асосий турдаги 20 дан ортиқ маҳсулотларга бўлган ички талабни тўлиқ қоплайдиган қувватлар яратилди. Иссиқлик сақловчи, композит материал, экологик пардозлаш материаллари ва пол қопламалари каби юқори қўшилган қийматли янги йўналишлар жадал ривожланмоқда.
Умуман, янги уй-жойлар ва саноат бинолари қуришга керак бўладиган 98 фоиз материалларни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бунинг ҳисобига ўтган даврда соҳада ишлаб чиқариш ҳажми 7 триллиондан 53 триллион сўмга ошди. Соҳадаги экспорт ўтган йили 1,2 миллиард долларни ташкил қилди.
Асосийси, ўтган даврда мазкур тармоқ импорт ўрнини қоплашнинг муҳим босқичидан ўтди.
ЎзА