Маҳаллий ва хорижий сертификати бор қурилиш материалларининг электрон платформаси ишга туширилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Қурилиш материаллари соҳасидаги корхоналарга сертификат олиш билан боғлиқ барча харажатни тўлиқ қоплаб берадиган тизим мавжуд. Бу каби имконият бошқа бирорта тармоқда йўқ.
Лекин бундай сертификатларнинг ягона маълумотлар базаси йўқлиги учун харидорлар ўзи билган, халқаро сертификати бор чет эл товарларини кўпроқ харид қилмоқда.
Мутасаддиларга маҳаллий ва хорижий сертификати бор қурилиш материалларининг электрон платформасини ишга тушириш, вилоят ҳокимлари билан бирга шу йил яна камида 50 та қурилиш материали корхонасига халқаро сифат сертификати олишда кўмаклашиш топширилди.
Умуман, бугунги йиғилишда айтилган имконият ва вазифалар ҳисобидан жорий йилда қурилиш материаллари соҳасида 11 миллиард долларлик 900 дан зиёд янги лойиҳаларни бошлаш, 3 миллиард 200 миллион долларлик 622 та лойиҳани ишга тушириб, 21 минг янги иш ўрни яратиш, ишлаб чиқариш ҳажмини 65 триллион сўмдан ошириш, 7,5 триллион сўмлик янги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, экспортни 1,5 миллиард долларга етказиш муҳим экани қайд этилди.
Йиғилиш давомида мутасаддиларнинг ҳисоботлари, қурилиш материаллари корхоналари вакилларининг таклиф ва ташаббуслари тингланди.
ЎзА