Йил якунигача паст қувватда ишлаётган қурилиш материаллари корхоналарига инвесторлар жалб қилинади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қурилиш материаллари тармоғида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Мамлакатимизда цемент, базальт, ойна, керамик плиталар каби маҳсулотлар бўйича яратилган қувватлар 2035 йилгача бўлган эҳтиёжларни қоплашга ҳам етади.
Эндиликда инвесторларни бундай маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кўпайтиришга эмас, мавжуд қувватларни модернизация қилиб, юқори қўшилган қиймат берадиган лойиҳаларга жалб қилиш кераклиги қайд этилди.
Масалан, Форишдаги базальт толаси заводининг ёнида базальт матоси ишлаб чиқариш қувватлари жойлаштирилмоқда. Ҳозир 1 тонна базальт толаси 340 доллар бўлса, базальт матосининг тоннаси 900 долларни ташкил этади.
Ёки бизда асосан 400 ва 500 маркали цемент ишлаб чиқарилади. Ҳозир фаолияти тўхтаган 17 та цемент заводини инвесторлар билан боғлаб, махсус цемент ишлаб чиқаришга ўтказилса, харидор ҳам, экспорт ҳам бўлади.
Мутасаддиларга алоҳида дастур тасдиқлаш ҳамда йил якунигача паст қувватда ишлаётган камида 50 та қурилиш материаллари корхонасига инвесторларни жалб қилиш топширилди.
ЎзА