Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш эмас, балки унинг олдини олиш устувор вазифа бўлади
Муносабат
Коррупцияга қарши курашиш масаласи Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири саналади. Буни ўтаётган ҳафтада Президентимиз раислиги ва халқ вакиллари иштирокида бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилиши мисолида ҳам кўриш мумкин.

Хусусан, охирги етти-саккиз йил давомида Президентимиз томонидан жамиятда энг кўп ва қизғин муҳокама қилинадиган коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Коррупцияга қарши курашишга оид қонунчилик баъзаси такомиллаштирилди, парламент палаталарида ушбу йўналишга масъул бўлган қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолияти ташкил этилгании қисқа вақт ичида ўзининг ижобий натижасини берди.
Эришилган натижаларимизга яқол мисоллардан бири бу Ўзбекистоннинг очиқлик бўйича халқаро рейтинглардаги ўрни яхшиланганлигидир. Жумладан, Ўзбекистоннинг “Open Data Watch” ташкилотининг “Open Data Inventory” очиқ маълумотлар рейтингида ўрни 138 поғонага яхшиланиб, Марказий Осиёда биринчи, дунёда ўттизинчи ўринга кўтарилди.
Яна бир муҳим янгилик, бу очиқлик сиёсатининг ҳаётимизга изчиллик билан татбиқ этилганлигидир. Саккиз йил олдин давлат идораларига қоғозбозликсиз, раҳбарларнинг қош-қовоғига қарамасдан мурожаат йўллаш орзусини ўйлаб ҳам кўрмаганмиз. Бугун қанчадан-қанча давлат хизматлари рақамлаштирилиб, юзлаб ортиқча маълумотларни сўраш амалиётига барҳам берилди.
Бунга биргина мисол, ерни ҳоким қарори билан ажратиш амалимётидан тўлиқ воз кечилиб, бу амалиётнинг аукцион тизимига ўтказилганлигидир. Биринчидан, олдинлари ҳокимиятда ёки кадастрда танишингиз бўлмаса, ёки қўлингизда каттароқ маблағингиз йўқ бўлса уй-жой қуриш ва деҳқончилик учун ер олиш имконсиз эди. Иккинчидан, фуқаролар ер учун тўлаган маблағларнинг аксарият қисми қайсидир амалдорнинг чўнтагига бориб тушар эди. На давлатга, на фуқарога фойда бўлмаган.

Эндичи, ерлар аукцион тизими орқали ажратилиши натижасида ўтган йилнинг ўзида бюджетга 4,5 триллион сўм маблағ туширилган. Ушбу маблағлар бюджетга келиб тушиши, фуқароларимиз турмуш фаровонлигини янада яхшилашга қартилган минглаб ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилмоқда.
Яна бир ҳолат, Президент топшириғи билан инвестиция дастурлари устидан назорат кучайтирилганидан кейин ўтган йилнинг ўзида 3 триллион сўм иқтисод бўлган. Ёки соғлиқни сақлаш тизимида “Ситуацион марказ” ишга туширилгани ҳисобига 2024 йилда 1,2 триллион сўмлик мақсадсиз харажатларнинг олди олинган. Солиштириш учун айтиш мумкинки, тиббиёт соҳасида иқтисод қилинган ушбу маблағга ўрта ҳисобда 100 та мактаб ёки 200 га яқин боғча қуриш мумкин.
Қизқа қилиб айтганда, юртимизда коррупциясиз муҳит яратиш борасида эришилган ижобий натижалар ҳақида минглаб мисоллар келтириш мумкин. Ютуқлар ўзимизники, аммо ҳали ишга солинмаган имконият ва вазифалар ҳам талайгина. Уларни амалга ошириш эса, мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш, фуқароларимизнинг бугун янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлардан розилик даражасини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Шу боис, Президентимиз томонидан Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида бир қатор устувор вазифа ва ташаббуслар илгари сурилди. Ушбу ташаббуслар давлатимиз раҳбарининг коррупцияга қарши курашишда ташаббускор ва ислоҳотчи, давлатчиликни мустаҳкамлаш борасида узоқни кўрувчи давлат арбоби эканлигини яна бир бор тасдиқлади.
Жумладан, Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари таркиби тўлиқ янгиланиб, уларга илгаригидек ҳокимлар эмас, халқ депутатлари вилоят Кенгаши раислари раҳбарлик қилиши таклиф этилди. Ҳудудий кенгашлар инсонгача тушиб, коррупциявий омилларни аниқлаши, уларга барҳам бериш учун қайси қонунни ўзгартириш зарур, деган саволларга жавоб топиши кераклиги таъкидланди.
Албатта, бундай муҳим Кенгашга халқ вакили бўлган депутатнинг раҳбарлик қилиши жойларда коррупция билан боғлиқ ҳолатлар назоратини янада кучайтиришга хизмат қилади. Сабаби, маҳаллий Кенгаш раиси ортида бутун бошли депутатлар корпуси турибди. Ҳар бир депутат ўз ҳудудида бу борада мунтазам назорат олиб бориши учун эса, қонунчиликда барча ҳуқуқий имкониятлар яратиб берилган. Қолаверса, эндиликда Кенгашлар ҳар чоракда камида битта соҳада коррупциявий омилларни бартараф этиш, қонун устуворлиги, жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича Миллий кенгашга таклиф киритиб боради.
Таъкидлаш лозимки, бугун жойларда “Инсон” ижтимоий марказлари ҳамда “маҳалла еттилиги”нинг ташкил этилиши камбағаллик, ижтимоий ҳимоя, тадбиркорлик бўйича ислоҳотлар ҳар бир инсонга етиб боришини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Аммо, таҳлилларга эътибор қартилса кўрилган чора-тадбирларга қарамасдан жойлардаги 30 фоиз маҳаллаларда ҳамон жиноятчилик билан боғлиқ ҳолатлар юқорилигича сақланиб қолмоқда.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий йўналишдаги ишлар энди туман ва маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш, коррупциянинг олдини олиш бўйича ҳам жорий қилиниши айтиб ўтилди. Сабаби, жиноятчилик жилови маҳкам бўлган, хавфсиз жойга инвестор кўпроқ маблағ киритади, одамларимизнинг ишончи янада ортади.
Бунинг учун тизимли равишда жиноятчиликка қарши курашиш ҳафталиклари ўтказиб борилади. Парламентдаги масъул қўмиталар маҳаллагача тушиб, ҳар бир жиноятнинг келиб чиқиш сабаб ва омилларини аниқлаб, туман, вилоят прокурорлари ва ички ишлар бошлиқларининг олдига аниқ вазифалар қўяди.
Яна бир муҳим ташаббус бу халқимиз ва жамоатчилик фаоллари томонидан узоқ кутилган мавзу – давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонунни қабул қилишни тезлаштириш таклифидир. Президентимиз мутасаддиларга тез фурсатда ушбу қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйиб, 1 апрелгача киритишни топширди.
Қонун лойиҳасини тайёрлашда ноқонуний бойлик орттириш учун жавобгарлик масаласини ҳам ўйлаб кўриш зарурлиги таъкидланди. Яъни, давлат хизматчиси декларация қилган даромадига мос келмайдиган мол-мулкини қаердан олганини исботлаши керак бўлади. Шу боис, бу борада халқаро андоза ва нормаларни ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз бошчилигида коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишлар натижаси таҳлил қилиниб, галдаги вазифаларнинг белгиланиши, мамлакатимизда бу борада бошланган ислоҳотлар ҳеч қачон ортга қайтмаслигидан далолатдир. Энди Янги Ўзбекистонда коррупцияни бартараф этиш эмас, унинг олдини олиш муҳим вазифа бўлади.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш
масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА