Янги ўқув йили талабаларни янги мақсад ва ғояларга ундади
Сурхондарё вилоятидаги Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида ҳам кеча 2026-2027 ўқув йили илмга ташна ёшларнинг ўзгача қувонч ва эзгу орзу-ниятлар билан бошланди.
Шу муносабат билан институтда биринчи босқичга талабаликка қабул қилинган йигит-қизларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Профессор-ўқитувчилар, ота-оналар, талабалар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда Денов тумани ҳокими А.Нормаматов, институт ректори О.Рўзиев, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси вилоят бўлими раҳбари М.Олламуродов ва бошқалар Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда таълимга қаратилаётган юксак эътибор ҳақида алоҳида сўз юритди. Олий таълим тизимида юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар, талаба-ёшларнинг илм-фан, маданият ва санъат, спорт каби соҳаларда қўлга киритаётган ютуқлари қайд этилди. Талабалар сафига қабул қилинган ёшларни янги ўқув йили билан табриклаб, уларнинг келгусидаги ўқиш ва изланишларига омад тилашди.

Вилоят марказидан олисдаги олий таълим муассасасида ёшларнинг ўқиб, изланиши ва ўзлари танлаган касб сирларини чуқур ўрганиши учун барча замонавий шароит яратилган. Тўртта факультет ва 16 та кафедрада 329 нафар профессор-ўқитувчи талабаларга таълим бермоқда. Мавжуд 114 та ўқув аудиторияси, маъруза ва амалий машғулот хоналари, лабораториялар, спорт заллари замонавий усулда жиҳозланган.

Бу йил институтнинг биринчи босқичига 1 минг 851 нафар йигит-қиз талабаликка қабул қилинди. Улар сафидан кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган бир гуруҳ талабаларга ташаккурнома топширилди.

Тадбир доирасида биринчи босқичга талабаликка қабул қилинган йигит-қизларнинг ота-оналари институтда яратилган шароитларни кўздан кечирди. Карьера ва ахборот-ресурс марказларида бўлиб, талабаларнинг ўқиб, изланиши, бўш вақтини сермазмун ўтказиши учун яратилган қулайликлар билан яқиндан танишди.

Шу куни институтнинг “Биринчи курслар мактаби” лойиҳаси асосида талабаликнинг илк кунини қарши олган йигит-қизлар билан “Ректор ва ёшлар”, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоир М.Олламуродов билан ижодкор ёшлар учрашувлари, қизиқарли психологик тренинг машғулотлари ташкил этилди.

Янги ўқув йилини талабалар янги мақсад ва ғоялар оғушида бошлади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири