Мактабда 5 баҳо ўрнига 100 баллик тизим: энди ўқувчи қандай баҳоланади?
“Бугун неча баҳо олдинг?” – мактабдан қайтган фарзандидан ота-она кўпинча биринчи бўлиб шуни сўрайди. Энди эса бу саволга жавоб оддий “4” ёки “5” билан чекланмаслиги мумкин.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, таълим масканларида жорий этилаётган янги баҳолаш тизими ўқувчининг фақат ёд олган маълумотини эмас, балки мавзуни тушуниши, мустақил фикрлаши, билимидан амалда фойдалана олиши ва ўқиш жараёнидаги натижасини комплекс баҳолашга қаратилган. Янги тизимда чораклик натижа 100 балл асосида шаклланади.
Хўш, бу 100 балл қаердан йиғилади?
10 балл — ўқувчининг дарсдаги иштироки учун
Янги тизимда ўқувчининг дарс жараёнидаги ўзлаштириши ҳам эътибордан четда қолмайди.
Бу форматив баҳолаш орқали амалга оширилади ва чораклик натижанинг 10 баллини ташкил этади. Бунда ўқувчининг мавзуни ўзлаштириши дарс давомида мунтазам кузатиб борилади. Энг муҳими, хато фақат “баҳо” билан қайд этиб қўйилмайди. Аксинча, ўқувчига ўз хатосини тушуниш ва уни тузатиш имконияти берилади.
Яъни янги ёндашувда хато — якуний натижа эмас, ўрганиш учун имконият сифатида қаралади.
50 балл — боб бўйича билимни синайди
Чораклик натижанинг энг катта қисми — 50 балл — БСБ, яъни боб бўйича сумматив баҳолаш ҳисобига тўғри келади. У орқали ўқувчининг муайян мавзу ёки бобни қай даражада ўзлаштиргани аниқланади. Масалан, ўқувчи бирор мавзуни ёддан айтиб бериши мумкин. Аммо уни тушунганми? Олган билимини янги вазиятда қўллай оладими? Саволга мустақил жавоб берадими? Янги баҳолашда айнан шу жиҳатларга эътибор қаратилади.
Яна 40 балл — чорак якунида
Қолган 40 балл эса ЧСБ — чорак бўйича сумматив баҳолаш орқали шаклланади.
Бу босқичда ўқувчининг бутун чорак давомида эгаллаган умумий билими ва амалий кўникмалари якуний баҳоланади.
Шундай қилиб, ўқувчининг чораклик натижаси учта асосий қисмдан таркиб топади:
10 балл + 50 балл + 40 балл = 100 балл.
Аслида нега баҳолаш тизими ўзгаряпти?
Янги тизимнинг асосий мақсади ўқувчини фақат баҳо учун ўқишга эмас, билимни тушуниш ва ундан фойдаланишга йўналтиришдир. Чунки ҳаётда инсондан маълумотни ёддан айтиб беришдан кўра, уни тушуниш, таҳлил қилиш, мустақил қарор қабул қилиш ва амалда қўллаш кўпроқ талаб этилади. Масалан, математик формулани ёддан билишнинг ўзи етарли эмас. Уни масалани ечишда қўллай олиш муҳим. Ёки тарихий саналарни эслаб қолиш билан бирга, воқеалар ўртасидаги боғлиқликни тушуниш ҳам аҳамиятли.
Шу нуқтаи назардан янги баҳолаш тизими “нима ёдланди?” деган саволдан “нима тушунилди ва уни қаерда қўллаш мумкин?” деган ёндашувга ўтишни англатади.
Янги тизимда ота-она фарзандининг фақат якуний баҳосига эмас, у қандай натижа кўрсатаётганига эътибор қаратиши мумкин.
Фарзанд 100 баллдан, масалан, 70 балл олган бўлса, бу рақамнинг ўзи ҳали ҳамма нарсани англатмайди. Муҳими — ушбу натижа қайси босқичларда шакллангани ва ўқувчи қайси кўникмаларни яна ривожлантириши кераклигини тушуниш. Шу боис баҳолаш жараёни ўқувчи, ўқитувчи ва ота-она ўртасидаги мулоқот учун ҳам асос бўлиши мумкин.
Янги тизимнинг энг муҳим жиҳати шундаки, баҳолаш фақат ўқувчининг бугунги натижасини қайд этиш билан чекланмайди. У кейинги натижани яхшилаш учун йўналиш кўрсатиши керак.
Ўқувчи қаерда хато қилди? Қайси мавзуни яхши ўзлаштирмади? Қайси кўникмасини ривожлантириши зарур? Айнан шу саволларга жавоб топиш орқали баҳолаш таълим жараёнининг бир қисмига айланади.
Демак, янги 100 баллик тизимни оддий қилиб айтганда, “кўпроқ баҳо қўйиш” эмас, ўқувчининг билимини аниқроқ кўриш ва уни янада ривожлантириш механизми деб тушуниш мумкин.
Зеро, таълимда энг муҳим натижа — ўқувчининг дафтардаги баҳоси эмас, олган билимини ҳаётда қўллай оладиган даражага етишидир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА