Фарзанд келажагига қўйилган муҳим сармоя
Оила фарзанд шахс сифатида шаклланадиган биринчи ва энг муҳим ижтимоий муҳитдир.
Унинг дунёқараши, хулқ-атвори, масъулияти, меҳнатсеварлиги, атрофдагилар билан муносабати ва келажакда оила қуришга тайёрлиги кўп жиҳатдан ота-онанинг, айниқса, отанинг муносабати ва шахсий намунасига боғлиқ.
Оталик фақат оилани моддий таъминлаш билан чекланмайди. Ҳақиқий оталик фарзанд ҳаётида фаол иштирок этиш, уни тинглаш ва тушуниш, тарбияси ва таълимига эътибор қаратиш, қийин вазиятларда қўллаб-қувватлаш, тўғри йўл кўрсатиш ва энг муҳими, унга муносиб шахсий намуна бўлишдир.
Отанинг шахсий намунаси — энг кучли тарбия воситаси
“Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти олимларининг фикрича, фарзанд кўпинча насиҳатдан кўра отасининг амалларига эргашади. Шу боис отанинг кундалик хулқ-атвори фарзанд учун ўзига хос тарбия мактаби вазифасини бажаради.
Ота ваъдасида турса, фарзанд масъулиятли бўлишни ўрганади. Ота онага ҳурмат билан муносабатда бўлса, фарзанд ҳам аёлга ҳурмат кўрсатишни англайди. Отанинг ҳалол меҳнати фарзандга меҳнатнинг қадрини тушунишга ёрдам беради. Муаммоларни мулоқот ва муроса орқали ҳал қилиш эса фарзандда низоларни маданий йўл билан бартараф этиш кўникмасини шакллантиради.
Отанинг адолатли, ҳалол ва масъулиятли бўлиши фарзанд қалбида мустаҳкам ахлоқий мезонларни қарор топтиради.
Демак, фарзандга бериладиган энг кучли тарбия воситаларидан бири — отанинг шахсий намунасидир.
Фарзандга вақт ажратиш — оталик масъулиятининг муҳим мезони
Фарзанд билан суҳбатлашиш, унинг фикрини тинглаш, ютуқларидан қувониш, муаммоларини биргаликда муҳокама қилиш ва қизиқишларини қўллаб-қувватлаш оталик масъулиятининг амалий кўринишларидир.
Айниқса, ўсмирлик даврида ишончли мулоқот муҳим аҳамият касб этади. Бу даврда фарзанд мустақил фикрлаш, ўзини англаш ва ҳаётий қарорлар қабул қилишга интилади. Отанинг ўз вақтида берган оқилона маслаҳати ва самимий қўллаб-қувватлаши унинг тўғри йўналиш танлашига ёрдам беради.
Шунинг учун ота фарзандининг ўқиши, қизиқишлари, дўстлари ва келажак режалари билан мунтазам қизиқиб бориши, унинг ҳаётига бефарқ бўлмаслиги муҳимдир.
Ота ва онанинг тарбиядаги ҳамкорлиги
Фарзанд тарбияси фақат онанинг ёки отанинг эмас, балки икки томонлама масъулият ва ҳамкорликка асосланган жараёндир.
Ота ва она тарбия мақсадларини биргаликда белгилаши, фарзандга қўйиладиган талабларда бир-бирини қўллаб-қувватлаши ва фарзанд олдида бир-бирининг обрўсини туширмаслиги лозим.
Шунингдек, оиладаги келишмовчиликларни фарзандга салбий таъсир қилмайдиган тарзда ҳал этиш, унинг ютуқ ва муаммоларини биргаликда муҳокама қилиш ҳам соғлом оилавий муҳитни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Оталик масъулиятини оширишнинг олти амалий қадами
“Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти олимлари оталик масъулиятини оширишнинг олти амалий қадамини тавсия этмоқда. Биринчидан, ҳар куни суҳбатлашиш. Фарзанднинг куни қандай ўтгани, нимадан хурсанд ёки хафа бўлгани билан қизиқиш унинг отага бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Иккинчидан, унинг фикрини ҳурмат қилиш. Фарзандни, ҳатто у кичик ёшда бўлса ҳам, мустақил шахс сифатида тинглаш муҳим. Бу унда ўз фикрини эркин ифодалаш ва мустақил қарор қабул қилиш кўникмасини шакллантиради.
Учинчидан, танқиддан кўра тушунтиришни танлаш. Фарзанд хато қилганида уни дарҳол жазолашдан кўра, хатонинг сабабини тушуниш ва тўғри йўлни тушунтириш кўпроқ самара беради.
Тўртинчидан, она билан ҳамкорлик қилиш. Фарзанд тарбиясидаги барча масъулиятни она зиммасига юкламасдан, ота ҳам тарбия жараёнида фаол иштирок этиши керак.
Бешинчидан, биргаликда сифатли вақт ўтказиш. Китоб ўқиш, сайр қилиш, спорт билан шуғулланиш ёки оддий суҳбатлашиш ҳам ота ва фарзанд ўртасидаги меҳр ва ишончни мустаҳкамлайди.
Олтинчидан, фарзанднинг келажагига қизиқиш. Унинг қобилияти, қизиқишлари, касб танлаши ва ҳаётий мақсадларини қўллаб-қувватлаш келажакда ўз йўлини топишига катта ёрдам беради.
Бугунги эътибор — эртанги баркамол авлод
Фарзанднинг ўзига бўлган ишончи, масъулияти, ижтимоий муносабатларга мослашуви ва келажакда оилавий ҳаётга тайёрлиги кўп жиҳатдан у ҳис қиладиган меҳр, эътибор, ишонч ҳамда отанинг шахсий намунасига боғлиқ.
Фарзандлар кўпроқ эшитган гапларини эмас, кўзи билан кўрган амалларни эслаб қолади. Шу боис отанинг ҳар бир ҳаракати, муносабати ва қарори фарзанд учун ўзига хос ҳаёт дарси бўлиб хизмат қилади.
Фарзандга ажратилган ҳар бир дақиқа — унинг келажагига қўйилган қимматли сармоя. Уни тинглаш, қўллаб-қувватлаш, бирга вақт ўтказиш, меҳр кўрсатиш ва шахсий намуна бўлиш орқали ота фарзандининг баркамол инсон бўлиб вояга етишига муносиб ҳисса қўшади.
Бугунги меҳр ва эътибор эртанги мустаҳкам оила, баркамол авлод ва фаровон жамиятнинг ишончли пойдевори саналади. Отанинг сўзи – сабоқ, ҳар бир амали эса фарзанд учун ҳаёт дарси.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири