Янги бинода кўплаб касблар ўргатилади
Замонавий касбни эгаллаш — бугун ёшлар учун шунчаки таълим олиш эмас, балки эртанги меҳнат бозорида ўз ўрнини топиш, муносиб даромад манбаига эга бўлиш ва келажакка ишонч билан қадам қўйиш демакдир.
Гулистон шаҳридаги 1-сон касб-ҳунар техникумининг иш бошлаши билан 200 нафар ёш ана шу мақсад сари илк қадамни қўйди. Янги ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлаган мазкур таълим муассасаси ёшларга замонавий касб ва мутахассисликларни эгаллаш, амалий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда келгусида муносиб меҳнат фаолиятини йўлга қўйиш учун кенг имкониятлар яратмоқда.

Техникумнинг очилишига бағишланган тантанали тадбирда вилоят ва шаҳар ҳокимликлари вакиллари, касбий таълим тизими масъуллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, нуронийлар, ота-оналар ҳамда ёшлар иштирок этишди.

Тадбирда Сирдарё вилояти касбий таълим бошқармаси бошлиғи Ш. Намозова Президент Шавкат Мирзиёевнинг Билимлар куни муносабати билан мактаб ўқувчилари, ўқитувчилар ва ота-оналарга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Шунингдек, касбий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларни замонавий ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга тайёрлаш, уларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш борасидаги вазифалар хусусида сўз юритилди.

Дарҳақиқат, бугун меҳнат бозорида рақобат тобора кучайиб бораётган бир шароитда ёшларга замонавий касб ва мутахассисликларни ўргатиш, уларда амалий кўникмаларни шакллантириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, 2024 йил 16 октябрда қабул қилинган “Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Техникум директори Д. Отабаев муассасада ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, замонавий жиҳозланган ўқув хоналари ва таълим дастурлари ҳақида маълумот берди. Қайд этилганидек, таълим муассасасида ёшларнинг назарий билимини амалиёт билан уйғунлаштириш, уларни танлаган касби бўйича рақобатбардош ва малакали мутахассис этиб тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тантанали тадбир рамзий лента қирқилиши билан давом этди. Иштирокчилар техникумдаги замонавий ўқув хоналари, амалий машғулотлар учун яратилган шароитлар ва жиҳозлар билан танишдилар.

Янги техникумнинг иш бошлаши ёшларни замонавий касбларга йўналтириш, уларга меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши учун зарур билим ва кўникмаларни бериш йўлидаги муҳим қадамдир. Энг муҳими, бу ерда таҳсил олаётган ёшлар бугунданоқ келажак касбини эгаллаш, ўз салоҳиятини намоён этиш ва муносиб мутахассис бўлиб етишиш имкониятига эга бўлишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири