Янги Ўзбекистон – Марказий Осиёда янги ҳамкорлик муҳити ташаббускори
Сўнгги ўн йил ичида Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлиги мустаҳкам қардошлик, яқин ва яхши қўшничилик, унутилмас қондошлик риштаси, узилмас пўлат занжирига айланди. Одатда, воқеа-ҳодисалар иштирокчиси, бевосита гувоҳи бўлиб яшасанг, улкан ўзгаришлар қандай машаққат билан юзага чиқаётганини баъзан тўлиқ ҳис қилмайсан, киши.
Бир эслаб, мулоҳаза юритайлик. Ўн йиллар олдин мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳолати қандай эди? Оддий кундалик ҳужжат билан боғлиқ, боши-охирини топиб бўлмайдиган навбатлардан чарчаб, асабий ҳолда касаллик орттириб олган одамлар каммиди? Жанжал-у ҳақоратларга гувоҳ бўлмаганмизми? Банк билан боғлиқ муаммолар-чи? Гўёки, охири йўқ не-не масалалар юртнинг биргина ижтимоий-сиёсий силкинишида ечим топди.
Замонавий давлат хизмати тизими ишга туширилиши билан қанча тугунлар ечилди?!Мамлакат ичида бошланган халқпарвар ўзгаришлардан сўнг Президентимизнинг жиддий ва қатъий сиёсий иродаси туфайли яқин қўшнилар билан ёпиқ эшиклар ланг очилди. Масалан, биргина қирғиз қардошлар билан 15 чегара манзили ишлаб турибди. Бундай нуқталар яқин келажакда 30 тага етиши кутиляпти.
Кўп йиллар Тожикистон ва Туркманистон чегарасидан ўтишда ҳам ўзига хос муаммолар етарли эди. Мана энди ўзаро борди-келди янгича мазмун касб этган. Шовот туманидан Туркманистонга ўтадиган йўл бўйида бозор барпо этилиб, оддий одамлар қувончига қувонч қўшилган.
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон томонга қатнаётган автобус, поезд ва учоқлар йўловчилар талаб-хоҳишига қараб мунтазам кўпайтирилмоқда. Мавжуд маълумотга кўра, мижозлар сони кун сайин ортяпти.
Доимий муаммо – сув ва энергетика масаласи ҳам қўшнилар орасида адолатли ечим топмоқда.
Дунё сиёсий-иқтисодий бўҳрони издиҳомда чайқалиб турган бир пайт, Ўзбекистон босиб ўтаётган йўл осон кечмаётганини янада теран англаш фурсати келди. Ҳар бир ой, йил ўта нозик муҳораба билан ўтаётгани ҳақиқат. Зотан, давлат раҳбарининг одилона, оқилона, халқпарвар сиёсати натижаси ўлароқ, Марказий Осиёдаги қўшнилар билан тинчликка асосланган адолатли умумий йўлимиз ҳамжиҳатлик, ҳамфикрлик, бирлик ва бутунликка айланиб бораётгани яққол намоён.
Республикамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг ён-атроф бозорларидаги рақобатбардошлиги, харидоргирлиги ортмоқда. Қўшни мамлакатлар билан чегара ҳудудида савдо мажмуалари барпо этилиши ўзаро алоқаларни янада кенгайтиряпти.
Халқимиз “Кенгашганга кенг дунё” дея бежиз айтмаган. Зеро, ўнлаб йиллар давомида ечимини кутиб ётган муаммолар айнан кенгашиб, маслаҳатлашиб бартараф этилмоқда.
Абдуғафур Маматов, ЎзА