«Ватанпарвар» мактабидан жаҳонга танилган мерган
Мамлакатимизда бугун спортнинг ҳар қандай йўналишларида шуғулланиш имконияти юқори экани барчага маълум. Бунинг самарасида эса юртимиздан ўзлари танлаган спорт турлари билан шуғулланаётган ёшлар сафи тобора кенгаймоқда.
Ана шундай ёшлардан бири Муҳаммад Камоловдир. У Ўзбекистонда пневматик отиш спорти бўйича етук спортчилардан бири сифатида шаклланиб, бугун халқаро ареналарда мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Унинг спортдаги ютуқлари тизимли тайёргарлик ва давлат томонидан спорт соҳасига қаратилаётган эътиборнинг амалий натижаларидан бири ҳисобланади.

Спортчининг илк тайёргарлик жараёнлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилоят кенгаши тасарруфидаги Наманган шаҳар ўқув спорт техника клубида бошланган. Ушбу муассасада Муҳаммад мураббийлар Муҳаббат Кондакова, Вадим Кондаков ва Татьяна Тарасова қўл остида мазкур спорт турининг дастлабки сабоқларини олди ва босқичма-босқич маҳоратини ошириб борди.
2016–2021 йиллар давомида у вилоят ва республика миқёсидаги мусобақаларда иштирок этиб, тобланди ва бир неча бор ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.

Мерганимиз халқаро мусобақалардаги фаолиятини 2019 йилдан бошлади. У ўша йили Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда бронза медаль билан тақдирланди. Бу натижа унинг халқаро спорт майдонидаги илк соврини бўлди.
2021 йилда Россиянинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган I МДҲ давлатлари ўйинларида олтин медалга эга чиққан бўлса, шу йили Чимкент шаҳридаги Осиё чемпионатида бронза медалини ҳам қўлга киритди.
2022 йилда Германиянинг Зуль шаҳридаги жаҳон кубогида бронза, Озарбайжоннинг Габала шаҳридаги Гран-прида кумуш, шунингдек, Боку шаҳридаги жаҳон кубогида кумуш медалларга сазовор бўлди. 2023 йилда Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ташкил этилган жаҳон кубогида ва Перудаги Америка очиқ кубогининг аралаш жуфтлик йўналишида биринчи ўриндан жой олди ва унга халқаро тоифадаги «Спорт устаси» унвони берилди.

2024–2026 йилларда ҳам спортчи МДҲ ўйинлари ва Ҳиндистоннинг Нью Деҳли шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида олтин ва кумуш медаллари билан тақдирланди.
Муҳаммад Камоловнинг ютуқлари замирида мамлакатда спорт соҳасига қаратилаётган улкан эътибор, замонавий спорт инфратузилмасини ривожлантириш, ёшлар спортини қўллаб-қувватлаш ётибди. Бугунги кунда Ўзбекистонда спортчиларни тайёрлаш ва уларни жаҳон ареналарига олиб чиқиш бўйича спортимиз мутасаддилари томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ҳа, бугун Муҳаммад Камолов каби ғалабага бўлган ишончи ва интилиши юқори, юрт шаънини муносиб ҳимоя қилишдек улкан бахтга муяссар бўлиб турган ўзбек ўғлонлари сафи кенгаймоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, Ҳотам Мамадаминов (сурат), ЎзА