“Раҳбар кубоги” мусобақасида шаҳар энергетиклари ғолибликни қўлга киритди
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали раҳбарияти ҳамда Касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан тизим ходимлари ўртасида спортнинг мини-футбол тури бўйича анъанавий “Раҳбар кубоги” мусобақаси ўтказилди.
Ушбу спорт тадбирида вилоятнинг турли шаҳар ва туманларидан жами 18 та жамоа иштирок этиб, майдонда ўзаро кескин ва қизғин баҳслар олиб борди. Мусобақа давомида жамоалар нафақат маҳорат, балки бирдамлик ва жамоавий ҳаракатни ҳам намойиш этишди.

Якуний натижаларга кўра, Гулистон шаҳар электр таъминоти жамоаси барқарор ўйин ва юксак тайёргарлик эвазига биринчи ўринни қўлга киритиб, мусобақа ғолибига айланди. Иккинчи ўрин Боёвут туман электр таъминоти жамоасига насиб этган бўлса, кучли учликни Ахборот технологиялари бўлими жамоаси якунлади.

Ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди. Уларга эсдалик совғалари билан бир қаторда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” лойиҳаси доирасида бепул саёҳат йўлланмалари ҳам топширилди.

Таъкидланишича, мазкур мусобақа тизим ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жамоавийликни мустаҳкамлаш, шунингдек, дўстона ва ҳамжиҳат муҳитни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

“Раҳбар кубоги” каби спорт тадбирлари келгусида ҳам давом эттирилиб, тизимдаги ходимларнинг фаоллиги ва жамоавий руҳини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири