“Ватанга қасамёд” — мардлик, садоқат ва шараф синови
Тошкент ҳарбий округи тасарруфидаги Мирзаобод туманида жойлашган Сафарбарлик чақирув резерви баталонида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёш аскарлар учун “Ватанга қасамёд” маросими кўтаринки руҳ, юксак тантана ва фахр туйғулари остида бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят кенгаши вакиллари, Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги Фахрийлар кенгаши аъзолари, нуронийлар, ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, Ватан ҳимояси йўлида қасамёд қилаётган мард ва жасур ўғлонларнинг масъулиятли ва ҳаяжонли лаҳзаларига гувоҳ бўлдилар.

Тадбирни очиб берган Сафарбарлик чақирув резерви баталони командири, подполковник Жаҳонгир Юсупов ёш ҳарбийларни табриклаб, қисм қўмондонининг табригини ўқиб эшиттирди. У ўз сўзида қасамёд қабул қилаётган ҳар бир аскарнинг Ватан олдидаги бурчи, масъулияти ва келгусидаги шарафли хизмат йўлига алоҳида тўхталди.

Тадбирнинг амалий қисми йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Ҳарбий хизматчилар томонидан қўл жанги усуллари, саф тайёргарлиги намуналари, АК-74 қуролини қисмларга ажратиш ва йиғиш бўйича амалий кўргазмалар намойиш этилди. Айниқса, кўзи боғланган ҳолда қуролни тезкор йиғиш бўйича бажарилган машқлар иштирокчилар томонидан катта қизиқиш ва олқишлар билан кутиб олинди.

Сўзга чиққан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят кенгашининг ҳарбий қисм ва муассасаларидаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўлими бошлиғи, капитан Фурқатжон Азимов маросимнинг тарбиявий аҳамиятига алоҳида урғу берди:

– "Ватанга қасамёд" — бу шунчаки расмий маросим эмас, балки ҳар бир аскарнинг қалбидаги энг улуғ бурч ва садоқат синовидир. Бу лаҳзалар ёшларда Ватанга муҳаббат, масъулият ва ҳарбий хизматга бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди. Бугун қасамёд қабул қилаётган ҳар бир аскар эртага юрт осойишталиги ва сарҳадлар дахлсизлигининг ишончли ҳимоячисига айланади, – деди у.

Маълумот ўрнида: “Ватанга қасамёд” маросими ҳар бир аскар ҳаётида масъулият, садоқат ва мардлик синови бўлиб, уларнинг Ватан олдидаги бурчини янада чуқур англашларига хизмат қилади.

Тадбир якунида иштирокчилар ёш аскарларга мустаҳкам соғлиқ, шарафли хизмат ва юксак зафарлар тиладилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири