Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
“KITOBXON KIDS” танловининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Эътиборлиси, ёшлар ўртасида рақамли технологияларни оммалаштириш ҳамда баҳолашда тўлиқ шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳудудий босқич жараёнлари бевосита “Mutolaa” онлайн иловаси орқали бўлиб ўтди. Унда танловнинг қуйи босқичларидан сараланган ёшлар қатнашди. Якунда энг қисқа вақтда энг кўп жавоб берган 7-10 ва 11-14 ёш тоифасидаги иштирокчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
***
Мудофаа тизимида олис ҳудудларда хизмат қилаётганлар ва уларнинг оила аъзоларининг саломатлигига эътибор қаратиляпти. Хусусан, Олмалиқ шаҳрида жойлашган Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисм шахсий таркиби учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
Олмалиқ шаҳар тиббиёт бирлашмасида ўтказилган тадбирга тажрибали терапевт, педиатр ва бошқа тор соҳа мутахассислари жалб этилди. Замонавий тиббий ускуналар ёрдамида иштирокчилар қон таҳлили, УТТ ва ЭКГ текширувларидан ўтказилиб, касалликларни эрта аниқлаш ҳамда профилактика қилиш бўйича зарур тиббий маслаҳатлар берилди. Жараёнда жами 200 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи ва уларнинг оила аъзолари малакали тиббий хизмат билан қамраб олинди.

***
Ўзбекистон Республикаси “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунларининг тегишли моддалари ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб “Тоза ҳаво” ойлигига старт берилди.
Мазкур саъй-ҳаракатлар доирасида Тошкент вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси Бекобод тумани ҳамда шаҳар бўлими, вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Ойбек постида автотранспорт воситалари экологик кўрикдан ўтказилди.

Унда транспорт воситаларидан атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдори махсус асбоблар ёрдамида ўлчаниб, белгиланган меъёрлардан ортиқча чиқинди чиқараётган ҳолатлар аниқланмоқда. Қоидабузарларга нисбатан амалдаги тартибда чоралар кўрилди.
А.Мусаев, ЎзА