Ватан учун хизмат – энг олий бахт
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Қашқадарё вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларининг бирида “Ватан учун хизмат – энг олий бахт” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида муассаса раҳбарлари ва ёшлар учрашуви ўтказилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, Ватанга садоқат ва фидойилик туйғуларининг аҳамияти ҳақида фикр алмашилди.

Учрашувда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг билим ва дунёқарашини юксалтириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда “Ёш китобхон” танлови ташкил этилиб, иштирокчиларнинг билим ва тафаккури синовдан ўтказилди. Ғолиб ва фаол иштирокчилар муносиб рағбатлантирилди.

Ташриф давомида жазони ижро этиш муассасасида маҳкумлар учун яратилган шарт-шароитлар билан ҳам танишилди. Хусусан, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун яратилган имкониятлар кўздан кечирилди.

Бундай маънавий-маърифий тадбирлар маҳкумларнинг жамиятга мослашувини қўллаб-қувватлаш, уларда билим ва касб-ҳунарга қизиқишни ошириш ҳамда келгусида ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири