Ёш қутқарувчи-волонтёрлар ташаббуслари қўллаб-қувватланади
Ёшларнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва профилактика тадбирларидаги фаоллигини ошириш, шунингдек, волонтёрлик ҳаракатини янада ривожлантириш муҳим вазифалардан биридир.
Шу мақсадда бугун, 13 август куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги марказий аппаратида “Ёшлар куни” муносабати билан ёш қутқарувчи-волонтёрлар иштирокида учрашув ўтказилди.
Унда ФВВ раҳбарияти ва масъул ходимлари, Ўзбекистон Волонтёрлари ассоциацияси раҳбари, Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари ҳамда ёш Фавқулодда вазиятлар волонтёрлари иштирок этди.

Учрашув давомида ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказилиб, вазир ўзининг хизмат фаолияти, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳадаги янгиликлар ҳамда ҳаётий тажрибалари ҳақида сўзлаб берди.
Шунингдек, ёш қутқарувчи-волонтёрларнинг тақдимотлари тингланиб, улар томонидан илгари сурилаётган лойиҳа ва ташаббуслар, шунингдек, соҳага оид таклифлар муҳокама қилинди. Ёшларнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда профилактика ишларидаги иштирокини янада кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.


Мулоқот давомида волонтёрлик гуруҳлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг имконият ва салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, “маҳалла – волонтёр – давлат инспектори” тамойили асосида узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Учрашув якунида ёш қутқарувчи-волонтёрларнинг ташаббускорлиги, фидойилиги ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаол иштироки эътироф этилди.
Зеро, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашда фаол, билимли ва ташаббускор ёшлар — хавфсиз жамиятнинг муҳим таянчидир.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА