"Ёшлик" талабалар шаҳарчасида янги ўқув йилига тайёргарлик муҳокама қилинди
Янги ўқув йилининг бошланишига саноқли кунлар қолмоқда.
Бу даврда талабалар учун муносиб шароит яратиш, талабалар турар жойларини мавсумга пухта тайёрлаш ҳамда ёшларнинг хавфсизлигини таъминлаш муҳим вазифалардан биридир. Шу мақсадда Олмазор туманидаги "Ёшлик" талабалар шаҳарчасида янги ўқув йилига тайёргарлик масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари С. Ражабов, "Ёшлик" талабалар шаҳарчаси ҳокими Ф. Темиров, олий таълим муассасаларининг проректорлари, талабалар турар жойлари дирекциялари директорлари ҳамда ТТЖ бино бошлиқлари иштирок этди.

Унда "Долзарб 40 кунлик" тадбири доирасида талабалар турар жойларининг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, талабалар турар жойларида яшаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларини якунлаш, мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда талабалар хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш давомида масъулларга талабалар турар жойларини янги ўқув йилига пухта тайёрлаш, аниқланган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш ва яратилган шарт-шароитларни янада яхшилаш юзасидан тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА