"UzChess Cup 2026": Воҳидов ва Мадаминов ғолиблик остонасида, бироқ...
Бугун, 15 июнь куни пойтахтимизда давом этаётган “UzChess Cup 2026” халқаро турнирининг сўнгги 9-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Умумий мукофот жамғармаси 121 минг 500 АҚШ долларидан иборат турнирнинг "Masters" гуруҳида ғолиб ва совриндорларни аниқлаш масаласи айнан охирги турда ҳал бўлиши кундек равшан.
Ўтган турлардаги ўйинлар ва қайд этилган натижаларга эътибор қаратсак, маҳоратли шахматчиларимиз Шамсиддин Воҳидов ва Муҳиддин Мадаминов 4-турдан кейин турнир жадвалида етакчиликни давом эттирди. Бироқ, кеча ўтказилган турлардаги кўрсаткичлар кураш ҳали давом этишини кўрсатмоқда.

Кеча ўтказилган 8-турда Нодирбек Абдусатторов қора доналарда грециялик Николас Теодоруга, Нодирбек Ёқуббоев оқ доналарда озарбайжонлик Шахриёр Мамедяровга кутилмаганда имкониятни бой бериши, Муҳиддин Мадаминов ютуқли ўйинда ҳиндистонлик Аржун Эригаиси билан, Шамсиддин Воҳидов Ҳинд вакили Видит Сантош билан дурангга эришиши, россиялик Ян Непомняший эса оқ доналарда америкалик Нейманн Ханс Мокени мағлуб этиши вазиятни янада мураккаблаштирди, десак муболаға бўлмайди.
Бугун ўтказиладиган 9-турда 4,5 очко жамғарган ҳолда ғолиблик умидидан ҳали ҳам умид узмаган Ян Непомняший - Шахриёр Мамедяровнинг тўқнаш келиши қайсидир ҳолатда Воҳидов ва Мадаминовга кичик устунлик тақдим этаётгандек.

Бироқ, ушбу турда Ш.Воҳидов қора доналарда Н.Абдусатторов, М.Мадаминов ҳам қора донада океан орти вакили Нейманн Ханс Моке қаршилигини енгиши қанчалик мураккаблигини назарда тутсак, шоҳсупага йўл осон бўлмаслиги аниқ. Шунингдек, Абдусатторов сингари 4 очко билан 6-ўринда бораётган Аржун Эригаисининг оқ доналарда Николас Теодоруга қарши дона суриши ҳам яна бир совриндорликка номзод борлигидан далолат, дейиш мумкин.
Кўриниб турибдики, агар Воҳидов ва Мадаминов Абдусатторов ва Нейманн тўсиғидан ўта олмаса, Непомняший-Мамедяров дурангга эришса, Аржун ғалаба байроғини кўтарса, “UzChess Cup 2026” "Masters" гуруҳи чемпионликка номзодларнинг деярли барчаси 5 очколи бўлиб қолади. Бундай вазиятда қўшимча кўрсаткичлар масаласи чемпион ва совриндорларни аниқлайди.
Халқаро турнирнинг “Challengers” гуруҳида 8 та турдан сўнг 7 очко жамғарган озарбайжонлик Муҳаммад Мурадли муддатидан аввал ғолибликни нақд қилган бўлса, совринли ўринларга номзод Руминия, Украина ва Ҳиндистон вакиллари 4,6 очкога эга бўлиб турибди. Ҳамюртимиз Муҳаммадзоҳид Суяров 4 очко билан 6-ўринда ҳаракатланмоқда.

“Futures” гуруҳида терма жамоамиз аъзоси Ҳумоюн Бекмуратов ва қозоғистонлик Ринат Жумабаев 6 очко билан етакчилик қилмоқда.
“Open” гуруҳида эса 141 нафар шахматчи орасида ФИДЕ байроғи остида турнирда қатнашаётган Темур Гариев 7 очко билан якка пешқадам бўлса, ўзбекистонлик Саидамин Омонов, Акбарали Абдуҳакимов, Шавкат Абдухолиқов, россиялик Варвара Поякова ҳисобида 6 очко бор.
Эслатиб ўтамиз, халқаро турнирнинг “Masters” гуруҳида ғолибликка эришган шахматчи 20 минг АҚШ доллари билан тақдирланади. Ушбу гуруҳда иштирок этган барча шахматчиларга белгиланган пул мукофотлари тақдим этилса, “Challengers” гуруҳи ғолиби 6 минг, “Futures” гуруҳи ғолиби 4 минг ҳамда “Open” гуруҳида шоҳсупанинг энг юқорисига кўтарилган шахматчи 2 минг АҚШ долларини қўлга киритади.
Т. Рўзиев,
ЎзА