“Иттифоқ Биллур Кубоги” футбол мусобақаси ғолиблари аниқланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ёш ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида ўтказилган “Иттифоқ Биллур Кубоги” футбол мусобақаси қизғин ва муросасиз баҳсларга бой тарзда ўтди.
Хоразм вилоятида ташкил этилган мазкур мусобақа ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тайёргарлик даражасини юксалтириш, шунингдек, турли тузилмалар ва ҳарбий жамоалар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилди.
[gallery-30066]
Беллашувларда ҳарбий қисмлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа соҳалар вакилларидан иборат жамоалар иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро куч синашди. Учрашувлар давомида иштирокчилар юқори спорт маҳорати, жамоавий ҳамкорлик ва ғалабага бўлган қатъий интилишини намоён этди.
Мусобақа якунларига кўра, биринчи ўрин Фавқулодда вазиятлар бошқармаси жамоасига насиб этди. Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларига қарашли ҳарбий қисм жамоаси иккинчи, 11-сон тергов ҳибсхонаси жамоаси эса учинчи ўринга сазовор бўлди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таъкидланганидек, бундай спорт мусобақалари ёш ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва маънавий тайёргарлигини мустаҳкамлаш, уларда жамоада ишлаш кўникмаларини шакллантириш, шунингдек, спорт орқали дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Беҳзодбек САИДОВ(сурат),ЎзА