Сузиш: ёш спортчилар Ўзбекистон чемпионлиги йўлида баҳслашмоқда
Чирчиқ Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг сузиш ҳавзасида U11 ва U13 ёш тоифалари ўртасида сузиш бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган 359 нафар спортчи, шундан 227 нафар ўғил ва 132 нафар қиз болалар иштирок этаётган чемпионатнинг илк кунида бир қатор йўналишларда ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Шиддатли кечган мусобақаларнинг дастлабки кунги натижаларига кўра, U13 тоифасида Муштарий Абдуғаффорова ва Роман Петровнин учта йўналишда чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди.
Шунингдек, ушбу тоифада Муслима Рўзибоева, Самина Латипова, Муҳаммадамин Бахтиёров 1 тадан олтин медалларга эгалик қилди.
Мусобақанинг U11 ёш тоифасида эса Александр Френкел 2 та йўналишда тегсиз, деб топилган бўлса, Муслима Равшанбекова, Гавҳарой Содиқова, Таисия Антонова 1-ўринни эгаллади.
Чемпионатнинг очилиш маросимида иштирок этган “Uzbekistan Aquatics” федерацияси бош котиби Руслан Мустаев ва бошқалар мазкур мусобақалар мамлакатимизда сув спорт турлари бўйича янги истеъдодларни кашф этишга қаратилганини билдириб ўтди.
Мусобақалар давом этмоқда.
Т. Рўзиев, ЎзА