Тожикистонда ўзбек тили байрами нишонланди
Бугунги кунда ўзбек тилида сўзловчилар сон жиҳатдан туркий тиллар гуруҳи орасида турк тилидан кейинги иккинчи ўринга чиқиб олди.
Бугунги кунда ўзбек тилида сўзловчилар сон жиҳатдан туркий тиллар гуруҳи орасида турк тилидан кейинги иккинчи ўринга чиқиб олди. Яъни бугун дунё бўйича 50 миллионга яқин кишилар ўзбек тилида сўзлашади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикасидаги элчихонасида ўтказилган тадбирда айтиб ўтилди. Йиғилиш Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақидаги” қонуни қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан ташкиллаштирилди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон элчиси Эргаш Шоисматов барча йиғилганларни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан самимий табриклади.
– Ўзбекистон тараққиётининг бугунги янги босқичи, миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, она тилимиз – ўзбек тилининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича республикамизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эргаш Шоисматов. – Хусусан, сўнгги йилларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўлланиш доирасини кенгайтириш, филолог кадрларни тайёрлаш ишларини янги поғонага кўтарди.
Йиғилишда, шунингдек, Термиз Давлат университетининг бир қатор ўқитувчилари, жумладан, Абдисамат Сатторов, Бекпўлат Умурқулов, Нормат Юлдошев, Обиджон Шофиевлар ўзбек тилининг тарихи, ривожланиш босқичлари, унинг жамият тараққиётида тутган ўрни ҳамда ўзбек ва тожик адиблари ўртасидаги бошқа ҳеч бир халқларда учрамайдиган ширу шакар йўналиши ҳақида атрофлича ва мазмунли маърузалар қилишди.
Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Ато Мирхожа, Тожикистон Композиторлар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон Миллий консерваториясининг фахрий профессори Аслиддин Низомий, Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Тил ва терминология комитети вакили Раҳим Зулфониён сўзга чиқишиб, элчи жаноблари ва у кишининг тимсолида бутун Ўзбекистон халқини ушбу байрам муносабати билан чин дилдан муборакбод этди.
Тадбирда Тожикистонда ҳам ўзбек тилини ривожлантириш борасида қатор ишлар қилинаётгани, жумладан, республикада таълим жараёни ўзбек тилида олиб борилаётган мактаблар сони 272та, тожик ва ўзбек тилларида фаолият юритадиган умумтаълим муассасалари 597тани ташкил этиши, шунингдек, тожик-ўзбек-рус, тожик-ўзбек-қирғиз ва тожик-ўзбек-туркман тилларидаги мактаблар мавжудлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, Тожикистон Республикаси олийгоҳларида ўзбек тили ва адабиёти факультети ҳамда бўлимларининг фаолият юритаётгани, ўзбек тилидаги ўнлаб газета-журналлар, телерадиодастурларнинг эфирга узатилаётгани тожикистонлик ўзбеклар учун ўз она тилидан эркин фойдаланиш борасида яратиб берилган имконият дея баҳоланди.
Тадбирда сўз олганлар Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги самарали муносабатлар, икки халқнинг улуғ фарзандлари – Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг устоз-шогирдлиги, кейинчалик бу алоқаларни давом эттирган адибларнинг дўстона алоқалари ҳақида илиқ ва самимий фикрлар билдиришди.