Товарларни халқаро тан олинадиган ҳужжатлар асосида эркин муомалага чиқаришда ваколатли давлат органларининг электрон тасдиғини олиш амалиёти жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Товарларни халқаро тан олинадиган ҳужжатлар асосида эркин муомалага чиқаришда ваколатли давлат органларининг электрон тасдиғини олиш амалиётини жорий этиш тартиби тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, нотариф тартибга солиш чоралари соддалаштирилади ҳамда Ўзбекистон Республикасидан ташқарида маҳсулотларга расмийлаштирилган айрим рухсат бериш хусусиятига эга ва уларнинг мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида товарларни эркин муомалага чиқариш амалиёти кенг жорий этилади.
Қарор билан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида маҳсулотларга расмийлаштирилган айрим рухсат бериш хусусиятига эга ва уларни мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида ваколатли органларнинг электрон тасдиғини олиш амалиётини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ушбу Низом талабларидан келиб чиқиб, “Ягона дарча” божхона ахборот тизимида ушбу хизмат жорий этилишини таъминлайди.
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасидан ташқарида маҳсулотларга расмийлаштирилган айрим рухсат бериш хусусиятига эга ва уларнинг мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида ваколатли органларнинг электрон тасдиғини олиш тартибини белгилайди.
Электрон тасдиқлаш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:
Ўзбекистон Республикасидан ташқарида маҳсулотларга расмийлаштирилган айрим рухсат бериш хусусиятига эга ва уларнинг мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда;
амалдаги қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган бошқа ҳолатларда.
Божхона органлари томонидан товарлар эркин муомалага чиқариш ушбу Низомга иловада келтирилган Ўзбекистон Республикасидан ташқарида маҳсулотларга расмийлаштирилган айрим рухсат бериш хусусиятига эга ва уларнинг мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида ваколатли органларнинг электрон тасдиғини олиш схемасига мувофиқ чиқарилади.
Ариза берувчи ахборот тизимида ваколатли органнинг тасдиғини олиш учун рухсат бериш хусусиятига эга ва мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда божхона органига ариза юборади.
Аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
транзит декларация рақами;
товар номи ва ТИФ TH коди;
товарларни ишлаб чиқарувчининг номи;
товарлар ишлаб чиқарилган давлат номи;
рухсат бериш хусусиятига эга ва мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжат реквизитлари;
амалдаги қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган бошқа ҳолатларда назарда тутилган ҳужжатлар.
Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар ҳамда маълумотлар ҳаққонийлиги учун ариза берувчи жавобгар ҳисобланади.
Аризага илова қилинган рухсат бериш хусусиятига эга ва мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатлар электрон шаклда тақдим этилади ва ахборот тизимида сақланади.
Ариза рад этилганда, сабаблар аниқ ва асосланган ҳолда кўрсатилиши керак.
Ваколатли органлар ахборот тизими орқали келиб тушган аризаларни мониторинг қилиб боради.
Мониторинг давомида ариза берувчи томонидан тақдим қилинган маълумот ва ҳужжатларда электрон тасдиқ олиш учун нотўғри маълумотлар ёки қалбаки ҳужжатлар тақдим қилингани аниқланганда, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда таъсир чоралари кўрилади.
Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
ЎзА