Шаҳар ҳокими “Келажак соати”ни ўтди
Унда қатнашган Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камолов устоз муаллимлар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарини қўшалоқ айёмлар – мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллиги ҳамда янги ўқув йили билан муборакбод этди.
Наманган вилояти марказида жойлашган 6-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида янги ўқув йилининг бошланишига бағишланган “Билимлар куни” тадбири кўтаринки руҳда ўтказилди.
Тадбирда Президентимизнинг мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Табрикда таълим ва тарбия масаласининг мамлакатимиз тараққиётидаги беқиёс ўрни, ёш авлод учун яратилаётган имкониятлар ҳамда устозларнинг шарафли ва масъулиятли меҳнати алоҳида таъкидлангани мамнуният билан қарши олинди.


Қайд этилганидек, Наманган шаҳридаги 54 та мактабда 77 минг 828 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олаётган бўлиб, уларга 4 минг 271 нафардан ортиқ педагог билим бермоқда. Биргина 6-мактабнинг ўзида ҳозирда 750 ўқувчи 37 нафар устоз мураббийдан сабоқ олмоқда.
Янги ўқув йилида мактабга қабул қилинган 35 нафар 1-синф ўқувчисига Президент совғаси сифатида 12 номдаги ўқув қуроллари, китоб ва дарсликлар тақдим қилинди.


Мактаб директори Нигора Аҳмедованинг маълум қилишича, мактабнинг жорий йилдаги 35 битирувчисидан олти нафари хорижий, 12 нафари давлат, етти нафари нодавлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Қолган 10 нафар битирувчи эса касб-ҳунар ва ишлаб чиқариш йўналишларига йўналтирилди.

Тадбирда янги ўқув йилида таълим сифатини янада ошириш, ўқувчиларнинг билим ва салоҳиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда устозларнинг самарали фаолияти учун зарур шароитларни янада кенгайтириш борасидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

Дарвоқе, мактабда янги – 2026-2027 ўқув йилининг илк дарси 11-синф ўқувчилари учун Наманган шаҳри ҳокими Аюбхон Камолов томонидан ўтилган “Келажак соати” билан бошланди. “Ягона халқ, ягона Ватан бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” мавзусидаги дарс самимий мулоқот ва фикр алмашув руҳида кечди.
Илк дарс машғулотида сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда олиб борилган бунёдкорлик ўзгаришлари, айниқса, ёш авлод камолоти йўлидаги кенг имкониятлар ҳақида сўз юритилди. Ўз навбатида, ўқувчилар ҳокимга қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, юртимизда рўй бераётган ўзгаришлар ва келажакдаги мақсадлари юзасидан фикрларини билдирди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА